Исроил армияси ишғол остидаги Ғарбий соҳилнинг шимолида жойлашган Тубас шаҳри ва атроф-қишлоқларга кенг кўламли ҳарбий амалиёт бошлади.
Шаҳарга йирик қўшимча кучлар киритилди, оғир ҳарбий техника, бронетранспортерлар ва Apache ҳужум вертолётлари жойлаштирилди. Исроил қўшинлари Тубасга олиб борадиган барча йўлларни тупроқ тўсиқлар ва назорат пунктлари билан ёпиб, комендантлик соати жорий қилди.
Тубас губернатори Аҳмад ал-Асадга кўра, Исроил томони Фаластин маъмуриятини амалиёт “бир неча кун давом этиши” ҳақида олдиндан хабардор қилган. У буни “ҳудудни нишонга олган хавфли эскалация” деб атади.
Губернаторнинг таъкидлашича, Исроил ўзи иддао қилаётганидек, минтақада “қидирилаётган шахслар” йўқ ва бу амалиёт “ҳеч қандай сиёсий ёки хавфсизлик асосига эга эмас”. Унинг айтишича, комендантлик соати шаҳар ҳаётини фалаж қилган, айниқса кексалар, болалар ва беморлар вазияти оғирлашган.
Ал-Асаднинг маълум қилишича, Исроил қўшинлари ҳар қандай ҳаракатланаётган объектга ўқ очмоқда. Вазирга кўра, вазият кескин ёмонлашгани боис, Тубасда Фавқулодда вазиятлар қўмитаси жавоб чораларини ишга туширган.