Исроил армияси ишғол остидаги Ғарбий Соҳилда фаластинликларга тегишли икки уйни қурилиш рухсатномаси йўқлигини баҳона қилиб бузиб ташлади.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, Исроил қўшинлари булдозерлар кўмагида Байтуллоҳим шаҳри жанубидаги Ал-Хадр қишлоғига рейд уюштирган. Иккита уй “рухсат йўқлиги” туфайли вайрон қилинган.
Бундан ташқари, Исроил бўлинмалари Ерихо, Қабатия, Женин, Наблус ва Қалқилия шаҳарларининг бир қанча ҳудудларида ҳам рейдлар ўтказди.
Фаластин Озодлик Ташкилоти қошидаги Шармандалик девори ва яҳудий масканларига қарши кураш кенгаши маълумотларига кўра, фақат август ойида Исроил 125 та объектни — турар-жой, тижорат ва қишлоқ хўжалиги биноларини бузган.
Исроил армияси ишғол қилинган Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусдаги фаластинлик мулкларини “рухсатсиз қурилган” деб баҳона қилиб мунтазам равишда бузиб келмоқда.
Маҳаллий манбалар қайд этишича, Ғарбий Соҳилнинг тўлиқ Исроил назорати остида бўлган С ҳудудида фаластинликлар қурилиш ёки деҳқончилик қилиш учун расмий рухсат олиши деярли имконсиз.
1995 йилги Иккинчи Осло келишувига кўра, Ғарбий Соҳил А, B ва С ҳудудларига бўлинган. А ҳудуди (18%) — Фаластин маъмурий ва хавфсизлик назорати остида, B ҳудуди (21%) — Фаластин маъмурий, лекин Исроил хавфсизлик назоратида, C ҳудуди (61%) эса тўлиқ Исроил назоратида қолган.
2023 йил 7 октябрдан бери Исроилнинг Ғазога ҳужумлари бошлангач, Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусда фаластинликларга қарши рейдлар, ҳибслар ва ҳужумлар янада кучайган.