Испания АҚШнинг кема ва самолётларига базалари орқали Исроилга қурол олиб ўтишни тақиқлади. Бу ҳақда El Pais хабар берди.
Маълум қилинишича, гап Рота (Кадис провинсияси) ва Морон-де-ла-Фронтера (Севилья провинсияси) базалари ҳақида кетмоқда. Тақиқ тўғридан-тўғри яҳудий давлатига йўл олган кемаларга ҳам, оралиқ тўхташдан сўнг охирги манзили Исроил бўлган кемаларга ҳам тааллуқли.
Шу билан бирга, қироллик Испания базаларида тўхтаган Америка транспорт самолётлари ёки кемаларини текширмайди. Пентагон АҚШ кемалари қандай юк ташиётганини яшириши мумкин.
“Бироқ иттифоқчилар ўртасидаги муносабатлар ишончга асосланган бўлиб, акс ҳолатда ўзаро ишончга жиддий зарар етади”, дейилади хабарда.
Испания Ғазо секторидаги вазият туфайли Исроилга нисбатан анча қатъий позицияни эгаллаган. Мамлакат Исроилга қурол-яроғ етказиб беришни тақиқлаган.
Айни дамда, Испания бош вазири Педро Санчес қурол-яроғ етказиб беришга тўлиқ эмбарго қўйиш, ҳарбий жиноятларга алоқадор Исроил амалдорларининг мамлакатга киришини тақиқлаш, ҳарбий ҳамкорликни тўхтатиш ва фаластинликларга инсонпарварлик ёрдамини кенгайтириш каби чораларни илгари сурмоқда.