Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Покистонда одам савдоси қурбони бўлган ҳамюртимиз Х.Е. Ўзбекистонга қайтарилди.
Бу ҳақда "Дунё" АА маълум қилди.
Мамлакатимизнинг Исломободдаги дипломатик ваколатхонасидан олинган маълумотга кўра, ҳамюртимиз Х.E. Покистонга алдов йўли билан келиб қолганини, одам савдоси қурбонига айланганини маълум қилган ва Ўзбекистонга қайтишида кўмак сўраб мурожаат қилган.
Юртдошимиз 2018 йилда Покистоннинг Лаҳор шаҳрига аёллар салонида ишлаш шарти билан келган. Бироқ Лаҳорда номаълум шахслар томонидан фоҳишалик уйига сотиб юборилган.
Ўзбекистон элчихонаси мурожаатда келтирилган важларни ўрганиб, Х.Е.га тезкор консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатди. Зарур ҳужжатлар, жумладан, Ватанга қайтиш гувоҳномаси расмийлаштирилди.
Покистон мутасадди вазирлик ва идоралари билан олиб борилган музокаралар натижасида мамлакатда бўлиб туриш қоидаларини бузиш билан боғлиқ жавобгарликка тортиш ҳолати бартараф этилди. Х.Е. жарима ва тўловларсиз депортация қилиниши таъминланди.
Ўзбекистон элчихона ва Миграция агентлиги ёрдамида ҳамюртимизга Ўзбекистонга қайтиш учун авиачипта харид қилинди ва у 27 сентябрь куни "Uzbekistan Airways" АЖнинг "Исломобод-Тошкент" рейси орқали Ватанга қайтарилди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, хориждаги ватандошларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини таъминлаш ва уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг ҳамда мамлакатимиз дипломатик ваколатхоналарининг устувор вазифалардан бири ҳисоблади.