Эрон ҳукумати Исроил разведкаси — Моссад фойдасига жосуслик қилганликда айбланган Баҳман Чоуби-Асл исмли шахсни 29 сентябрь куни қатл этди. Бу ҳақда Al Arabiya хабар берди.
Суд маълумотларига кўра, Чоуби-Асл Исроилнинг Эрон ҳудудидаги энг муҳим жосусларидан бири бўлган. У давлат идоралари базаларига кириш, маълумотлар марказларига зарар етказиш ва электрон ускуналар импорти йўналишини аниқлаш каби топшириқларни бажарган. Эрон Олий суди унинг шикоятини рад этиб, “ер юзидаги бузғунчилик” (фисод фил-арз) моддаси бўйича чиқарилган ўлим ҳукмини кучда қолдирган.
Эрон 2025 йил бошидан бери Исроил фойдасига жосусликда айбланиб, ҳукм қилинган камида 10 кишининг қатл этилганини маълум қилган.