Исландияда 4 кунлик иш ҳафтасига ўтиш орқали эришилган натижалар бутун дунёда иш режимига бўлган ёндашувни ўзгартиряпти. Бу мамлакатда 2015—2019 йиллар оралиғида ўтказилган кенг миқёсли тадқиқотлар 4 кунлик иш ҳафтаси нафақат ходимлар саломатлиги ва бахтиёрлиги, балки умумий иш самарадорлигини ҳам оширишини кўрсатди. Бугунги кунда мамлакат аҳолисининг 51 фоизи шу форматда фаолият юритяпти ва бу уларнинг турмуш сифатига ҳам сезиларли таъсир кўрсатяпти.
4 кунлик иш ҳафтасига ўтиш фақатгина Исландияда эмас, балки бошқа кўплаб давлатларда ҳам синовдан ўтказилган. Мисол учун, Испанияда ҳам ҳукумат ушбу ғояни қўллаб-қувватлаб, 2021 йилда тўрт кунлик иш ҳафтаси бўйича пилот лойиҳани йўлга қўйди. Бу дастур орқали ходимларга маошлари сақланиб, 4 кунлик иш графиги жорий қилинди.
Лойиҳага кўра, иш вақтларининг қисқариши ижобий натижаларга олиб келган ва бу формат ишчиларнинг саломатлигига ҳам ижобий таъсир кўрсатган. Шу билан бирга, Испаниянинг бир қатор компаниялари иш самарадорлигини ошириш учун ушбу режани қўллаяпти.
Японияда ҳам иш режимига нисбатан ўзгаришлар киритиляпти. Бу мамлакатда Google каби йирик компаниялар ходимларининг бахтиёрлигига эътибор қаратишяпти. Microsoft Япония эса 2019 йилда тўрт кунлик иш ҳафтасини синовдан ўтказиб, ходимлар самарадорлигида 40 фоизгача ошиш кузатди. Бу натижа Япония каби иш вақти узун бўлган давлатларда 4 кунлик иш ҳафтаси ҳақида жиддий ўйлаш зарурлигини кўрсатади.
Буюк Британияда эса бир қатор йирик компаниялар ўз ходимлари учун 4 кунлик иш ҳафтаси тажрибасини жорий қиляпти. Тадқиқотлар Британияда ҳам шунга ўхшаш натижаларни кўрсатяптм: ишчиларнинг саломатлиги яхшиланган, стресс даражаси пасайган, иш самарадорлиги эса аксинча ошган.
Бу форматни амалга ошириш, албатта, ўзига хос муаммоларни келтириб чиқариши мумкин, масалан, юқори даражадаги хизмат талаб қилинадиган соҳаларда иш вақтини қисқартириш баъзи логистик муаммоларни келтириши мумкин. Шунга қарамай, кўплаб давлатлар 4 кунлик иш ҳафтасига ўтишни қўллаб-қувватламоқда ва бу жараён ижтимоий ва иқтисодий ўсишга туртки бўлаётганини кўрсатмоқда.