Бугун 6 май, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

Ишга киритиш, рухсатнома олиш ва нафақа тайинлаш билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар аниқланди

Ишга киритиш, рухсатнома олиш ва нафақа тайинлаш билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар аниқланди

Коррупцияга қарши курашиш йўналишида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва Ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ҳудудларда бир нечта тезкор тадбирлар ўтказилди.
━━━━━━━━━━━━━━━
1️⃣ Хусусан, Хоразм вилояти ИИБ Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси кичик инспектори ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, Хонқа туманида яшовчи, 1973 й.т. фуқаронинг ишончига киради ва унинг 2001 й.т. танишини ички ишлар органларига ишга киритиб қўйиш эвазига 4500 АҚШ доллари талаб қилади.

Ўтказилган тезкор тадбирда, инспектор олдиндан 1800 АҚШ доллари ва 2,4 млн сўм олган вақтида ушланди.
━━━━━━━━━━━━━━━
2️⃣ Тошкент вилоятида қайд этилган ҳолатда эса туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими методисти хусусий оилавий боғча ташкил қилмоқчи бўлган фуқародан хонадоннинг санитария талабларига мослиги бўйича рухсатнома тайёрлатиб бериш эвазига 1,5 млн сўм ҳамда ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги юзасидан ижобий хулоса олиб бериш учун 200 АҚШ доллари талаб қилади. У сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, методистдан 200 АҚШ долларини олган вақтида туман Фавқулодда вазиятлар бўлими катта инспекторининг ҳам ноқонуний ҳаракатига чек қўйилди.
━━━━━━━━━━━━━━━
3️⃣ Бу каби қонунбузилиши Қорақалпоғистон Республикасида ҳам қайд этилди.
Жумладан, Чимбой туманида яшовчи, 1970 й.т. аёл Кегейли туманида истиқомат қилувчи, 1969 й.т. фуқарога ёшга доир нафақа тайинланишида унинг иш стажини кўпайтириб бериш эвазига 7 млн сўм олган вақтида ушланди.

Аниқланишича, аёл бу ишни Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигида масъул лавозимда фаолият юритувчи ўғли орқали амалга оширишни режалаштирган.

Ҳозирда учала ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Киритилди: Бугун 07:03. Ўқилди: 296 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!