Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 28 сентябрдаги 518-сон қарори билан давлат органлари ва ташкилотларида меҳнат соҳасида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш тартиби белгиланди.
Қарорга кўра, 2027 йил 1 январга қадар «Хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳити» ахборот портали жорий этилади. У меҳнат соҳасидаги тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича мурожаатларни қабул қилишнинг асосий канали бўлади.
Давлат органлари ва ташкилотларида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари хавфини даврий баҳолаш ҳамда ташкилий муҳитни таҳлил қилиш йилига камида бир марта ўтказилади.
Порталга берилган мурожаат автоматик тарзда рўйхатга олинади ва унга такрорланмайдиган рақам берилади. Мурожаатни очиқ, махфий ёки аноним шаклда тақдим этиш мумкин.
Порталдан ташқари берилган мурожаат масъул ходим томонидан бир иш куни ичида тизимга киритилиши керак. Мурожаат устидан текширув 15 кун ичида якунланади.
Зарур ҳолларда текширув муддати бир марта 30 кунгача узайтирилиши мумкин. Мурожаатчи, жабрланган шахс ёки устидан мурожаат берилган шахс ҳуқуқий таъсир чораси ҳақида хабар олган кундан бошлаб 30 иш куни ичида портал орқали шикоят бериши мумкин.
Устидан мурожаат берилган шахсга мурожаатни кўриб чиқиш даврида вақтинча чеклов чоралари қўлланиши мумкин. Улар мулоқотни, жумладан, меҳнат муносабатларини чеклаш, бошқарув ваколатларини вақтинча тўхтатиш ёки лавозим мажбуриятларини қисман ёки тўлиқ бажаришдан четлаштиришни қамраб олади.
Бевосита таҳдид мавжуд бўлса, вақтинча ҳимоя чоралари бир иш куни ичида, бошқа ҳолатларда эса хавф аниқланган кундан эътиборан уч иш кунидан кечиктирмай қўлланади.