Келгуси 25 йил ичида бутун дунё сув инқирозининг кучайиши туфайли озиқ-овқат ишлаб чиқаришда муаммоларга дуч келади. Бу ҳақда Сув ресурслари иқтисодиёти бўйича халқаро комиссия маълум қилди.
Ер юзи аҳолисининг ярмида сув танқислиги аллақачон бошланган ва бу рақам иқлим инқирози кучайиши билан ортиб боради. Комиссиянинг таъкидлашича, 2030 йилгача чучук сувга бўлган талаб таклифдан анча юқори бўлади.
Ҳисоботда таъкидланишича, давлатлар ва мутахассислар бир кишига бир кунда зарур бўладиган сув миқдорини тўғри баҳолай олмаяпти: саломатлик ва гигиенани сақлаш учун кунига 50-100 литр сув талаб этилса, муносиб ҳаёт кечириш, шу жумладан, овқатланиш учун тахминан 4000 литр сув керак бўлади. Аксарият ҳудудларда бундай миқдордаги сувни топиш имконсиз.
Сув ресурслари иқтисодиёти бўйича халқаро комиссия сув ресурсларининг ҳолати ҳақида тасаввур ҳосил қилиш мақсадида 2022 йилда Нидерландия томонидан ташкил этилганди. Унинг ҳисоботи сув инқирози бўйича энг кенг қамровли тадқиқот ҳисобланади.