Бугун 24 ноябрь, 2024 йил, якшанба

O'ZB

Тожикистон Россияга талабнома йўллади

Тожикистон Россияга талабнома йўллади

Тожикистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Умид Бобозода россиялик ҳамкасби Татьяна Москальковага талабнома юборди.

Унда Россияда меҳнат қилаётган мигрантларнинг ҳуқуқлари поймол этилаётгани юзасидан хавотир изҳор қилинган.

«ОАВ ва ижтимоий тармоқлар хабарларидан маълум бўлишича, айни пайтда Россия Федерацияси ҳудудида меҳнат муҳожирларининг ҳужжатлари қонунийлиги текширилмоқда. Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеоматериалларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари мигрантларга нисбатан қўполлик, калтаклаш, ҳақоратлаш каби тақиқланган усулларни қўллаётганини кўриш мумкин. Биз муҳожирларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилаётганидан хавотирдамиз», – дейилади талабномада.

Тожикистон омбудсмани мамлакат фуқаролари, хусусан, давлат хизматчилари, талабалар, кексалар, аёллар ва болалар Россия чегарасида узоқ вақт ҳибсда қолаётгани, уларга керакли шарт-шароит яратилаётганини ҳам танқид қилган.

Умид Бобозода Татьяна Москальковага Тожикистон фуқароларининг ҳақ-ҳуқуқларига риоя этиш муҳимлигини эслатиб, бу каби ҳолатларни мониторинг қилишда кўмак сўраган.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 5 октябрь куни Тожикистон бош вазири Коҳир Расулзода ҳам Россия бош вазири ўринбосари Марат Хуснуллин билан учрашувда Россияда тожикистонликларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлар бузилаётгани масаласини кўтарганди.

«Россияда миграция соҳасини тартибга солиш бўйича чора-тадбирлар давомида фуқароларимизнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларининг кенг миқёсда бузилиши тенденциясидан хавотирга тушмаслик мумкин эмас», – деган Расулзода.

10 октябрь куни Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва Россия Федерация кенгаши спикери Валентина Матвиенко учрашувида ҳам меҳнат миграцияси масалалари муҳокама қилинган.

Таҳлилчиларга кўра, Москва вилоятидаги «Крокус Сити Холл»да рўй берган терактдан кейин Россияда нафақат Тожикистон, балки бутун Марказий Осиёдан борган меҳнат муҳожирларига нисбатан сиёсат қаттиқлашди.

Бу ҳолатни ҳатто Москванинг чизган чизиғидан чиқмайдиган Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ҳам кескин қоралади. Қодиров РФда миграция сиёсати қаттиқлашаётганини ўрта асрлар инквизициясига ўхшатди.

Киритилди: 03:09 16.10.2024. Ўқилди: 8675 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!