Исроил Эронга зарба беришга фаол тайёргарлик кўрмоқда. Аммо турли сценарийлар кўриб чиқилаётган бир пайтда Саудия Арабистони ва Форс кўрфази давлатлари "урушдан узоқлашмоқда."
Бу ҳақда Исроилнинг 12-каналига Саудия Арабистони қироллик оиласидаги манба маълум қилди.
"Саудия Арабистони ва Форс кўрфази давлатлари бу урушдан узоқлашмоқда ва уларнинг ягона ташвиши ўз ҳудудларини ҳимоя қилишдир. Биз Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арағчига Форс кўрфази давлатлари ўз самовий ҳудудидан Эронга зарар етказиш учун фойдаланишга йўл қўймаслигини маълум қилдик, худди шунингдек, биз Эронга самовий ҳудудимиз орқали Исроилга ўз ракеталарини учиришга рухсат бермаймиз," - дея тушунтирди у.
Эслатиб ўтамиз, Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арағчи Яқин Шарқ бўйлаб сафари чоғида Ар-Риёдда Эроннинг Саудия Арабистони, Миср ва Иордания билан алоқаларини мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилган, шунингдек, Ғазо ва Ливандаги можароларни тўхтатиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларга чақирган эди.
Айни пайтда Эронда ҳам Исроилнинг зарбасини қайтаришга тайёргарлик кўрилмоқда. Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига яқин бўлган Тасним ахборот агентлигининг хабар беришича, Теҳрон "Исроилнинг кутилаётган ҳаракатларига камида ўнта эҳтимолий жавоб" тайёрлаган. "Эроннинг жавоби янада шафқатсиз бўлиши ва турли мақсадларни ўз ичига олиши мумкин. Сионистларга ёрдам берадиган ҳар қандай давлат Эроннинг "қизил чизиғини" кесиб ўтади ва зарар кўради," - деди Эрон ҳарбийлари.