Бугун 5 сентябрь, 2026 йил, шанба

O'ZB

“ИККИ ҚАРДОШ МАМЛАКАТ БУ ЙИЛНИ БУНЁДКОРЛИК ФАЛСАФАСИ БИЛАН ЯШАМОҚДА”

“ИККИ ҚАРДОШ МАМЛАКАТ БУ ЙИЛНИ БУНЁДКОРЛИК ФАЛСАФАСИ БИЛАН ЯШАМОҚДА”

Озарбайжонлик шоир-публицист, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг фахрий аъзоси, “Алаш” халқаро адабий мукофоти лауреати Акбар Қўшали билан суҳбат.

– Акбар ака, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифини умуман қандай баҳолаган бўлардингиз? Сизнингча, ушбу ташрифни аввалги ўзаро ташрифлардан ажратиб турадиган энг муҳим жиҳат нимада?

– Аввало, Сизга ва барча ўзбек қардошларимизга самимий салом ва эҳтиромларимни йўллайман!

Ҳа, давлат ташрифларининг расмий дастури бўлади, яна ўша дастур сатрлари орасидан ўқиладиган маъно ҳам бор… Менимча, бу ташрифда ҳар иккиси ҳам ниҳоятда бой эди.

Озарбайжон билан Ўзбекистон энди бир-бирини янгидан кашф этаётган икки мамлакат эмас. Биз бир-биримизни таниймиз, илдизимизни, тилимизни, хотирамизни биламиз. Энди асосий масала ана шу тарихий-маънавий яқинликни замонавий давлатчилик институтларига, иқтисодий қудратга, муштарак лойиҳаларга ва келажак авлодлар яшайдиган воқеликка айлантиришдир.

Президент Илҳом Алиевнинг ўзи ҳам ташриф чоғида сўнгги беш йил ичида бу унинг Ўзбекистонга учинчи давлат ташрифи, умуман эса еттинчи ташрифи эканини таъкидлади ва кейинги йилларда қардош мамлакатнинг барча соҳаларда жадал ривожланаётганидан мамнуният билдирди.

Абадий дўстлик тўғрисидаги Шартноманинг имзоланиши эса муносабатларимиз моҳиятини жуда аниқ ифодалайди. Маълумки, дипломатия одатда “узоқ муддатли”, “стратегик”, “ўзаро манфаатли” дейди. Боку билан Тошкент бу сафар янада улуғроқ сўзни танлади: АБАДИЙ! Давлатлар ўртасидаги муносабатни ифодалаш учун бундан-да юксак сўз борми?

Мен буни шундай ифодалаган бўлардим: кеча бизни тарих яқинлаштирган бўлса, бугун давлат иродаси бирлаштирмоқда, эртага эса биргаликда барпо этаётган муштарак келажагимиз бирлаштиради.

– Қизиқарли бир уйғунлик бор: 2026-йил Ўзбекистонда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”, Озарбайжонда эса “Шаҳарсозлик ва архитектура йили” деб эълон қилинган. Сиз бу муштаракликни қандай баҳолайсиз?

– Мен бу уйғунликни жуда маъноли деб биламан. Албатта, икки мамлакат йил номини белгилаётганда буни ўзаро мувофиқлаштирган, демаймиз; аммо ҳаёт баъзан ўзи гўзал рамзлар яратади.

Озарбайжонда 2026-йил расман “Шаҳарсозлик ва архитектура йили” деб эълон қилинган. Ўзбекистонда эса “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”дир.

Ўзбек “маҳалла”сини мен озарбайжонлик ўқувчига фақат “мəhəllə” сўзи билан таништиришни истамас эдим. Маҳалла айни пайтда маҳаллий жамоа, қўшничилик маданияти, инсонларнинг бир-бирига боғлиқлиги, таъбир жоиз бўлса, кичик жўғрофияда катта жамият моделидир. Президент Шавкат Мирзиёев ҳам йил мазмунини шарҳлар экан, 9 мингдан ортиқ маҳаллани меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, адолат ва тарбия масканига айлантириш мақсадини илгари сурган.

Озарбайжон эса ҳозир, айниқса, Қорабоғ ва Шарқий Зангазурда сўзнинг ҳақиқий маъносида шаҳарлар, қишлоқлар, аҳоли масканларини бунёд этмоқда. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Бош режалар, “Ақлли шаҳар”, “Ақлли қишлоқ” концепциялари асосида улкан бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда.

Демак, бир томонда инсон яшайдиган маконни бунёд этиш, иккинчи томонда эса ана шу маконда яшайдиган жамоани юксалтириш фалсафаси мавжуд.

Бир оз адабий-фалсафий мушоҳада билан айтсак: архитектура инсонга уй беради, маҳалла эса ўша уйга қўшни беради…

Шаҳарсозлик кўча яратади, жамоа эса ўша кўчага ҳаёт бағишлайди…

Менимча, 2026 йилда Озарбайжон билан Ўзбекистоннинг расмий йил номларидаги энг гўзал маънавий кесишув, аниқроғи, қовушув айнан шундадир.

– Президент Илҳом Алиевнинг ташриф дастурида “Янги Тошкент” шаҳарсозлик лойиҳаси билан танишиш ҳам ўрин олди. Буни ана шу уйғунликнинг амалий ифодаси деб ҳисоблаш мумкинми?

– Мутлақо тўғри айтасиз.

Мен ҳатто шундай дер эдим: 2026-йилнинг икки мамлакатдаги мазмуни Янги Тошкентда гўё кўз билан кўриладиган, тафаккур билан ҳис қилинадиган, қўл билан тутиш мумкин бўлган шаклга кирди…

Президент Илҳом Алиевнинг 23-август куни Ўзбекистоннинг энг йирик шаҳарсозлик лойиҳаси — “Янги Тошкент” билан танишиши тасодифий протокол тафсилотидай кўринмайди.

Шаҳар фақат бинолар йиғиндиси эмас — буни яхши биламиз. Шаҳар — инсоннинг келажак ҳақидаги тасаввурининг тошда, шишада, яшилликда, кўчада, мактабда, транспортда ифодаланишидир…

Озарбайжон Президенти “Шаҳарсозлик ва архитектура йили”ни яшаётган мамлакатдан келади, Ўзбекистон эса “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”ни яшамоқда. Ва икки давлат раҳбари Янги Тошкентда учрашади…

Мана, тақвим билан протоколнинг нақадар гўзал уйғунлиги юзага келмоқда.

Мен “Янги Тошкент” номининг ўзида ҳам катта маъно кўраман. “Янги” фақат янги бино дегани эмас. Янги шаҳар — янги ҳаёт сифати, янги ижтимоий муносабатлар, янги технологиялар, янги экологик тафаккур, инсон учун янада муносиб яшаш муҳити демакдир.

Озарбайжон ҳам озод этилган ерларида айнан шуни амалга оширмоқда. Биз эски шаҳар харобаларини шунчаки қайта тикламаяпмиз; тарихий хотирани асраган ҳолда XXI аср шаҳрини бунёд этмоқдамиз.

Шу маънода Янги Тошкент билан янгиланаётган Қорабоғнинг бунёдкорлик фалсафаси ўртасида қизиқарли бир мулоқот бор.

– Янги Тошкент шаҳрида “Озарбайжон” боғига тамал тоши қўйилишини қандай маънода қабул қиласиз?

– Боғ — шаҳарнинг нафасидир. Аммо бошқа мамлакат номини ташиган боғ, айни пайтда, шаҳарнинг хотирасидир. Албатта, Сиз эътироз билдирмасдан туриб, ўзим тузатиш киритай: Озарбайжон Ўзбекистон учун бошқа мамлакат эмас — қардош мамлакатдир ва энди Абадий дўст мамлакатдир.

Президент Илҳом Алиев билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Янги Тошкентда “Озарбайжон” боғига тамал тоши қўйиши ташрифнинг энг гўзал маданий-рамзий воқеаларидан биридир.

Бир муддатдан сўнг тошкентлик бир фуқаро ўз фарзанди билан ўша боғда сайр қилади. Бола “Озарбайжон” сўзини кўради. Сўрайди: Озарбайжон қаерда? Нега бу боғ унинг номини ташийди?

Мана, дипломатиянинг энг узоқ умрли жавоби, эҳтимол, айнан ўша лаҳзада берилади.

Айни пайтда Бокуда беш гектарлик “Ўзбекистон” боғини барпо этиш кўзда тутилмоқда. Шундай қилиб, Тошкентда Озарбайжон, Бокуда Ўзбекистон яшайди. Фахрланамиз!

Давлатлараро муносабатларнинг бундан-да гўзал шаҳарсозлик метафораси борми?

– Сиз Ўзбекистон ҳақидаги мақолаларингизда Арманистон ишғолидан олти йил аввал озод этилган Фузулий шаҳридаги Мирзо Улуғбек номидаги мактабни Озарбайжон–Ўзбекистон қардошлигининг “сиёсатдан юксак рамзи” деб атагансиз. Нега айнан сиёсатдан юксак?..

– Чунки бу ерда гап фақат мактаб биноси ҳақида кетмаяпти.

Фузулий — Қорабоғ Зафари, қайтиш ва тикланишнинг ўзига хос жўғрофиясидир. Мирзо Улуғбек эса Турк-Ислом уйғонишининг, илмнинг, осмоннинг, заковатнинг номидир.

Ўзбекистоннинг Қорабоғ заминида мактаб қуриши менинг тасаввуримда тарихга йўлланган уфқорти бир жумладир:

“Сенинг яраларингга бефарқ бўлмаганимиз каби, сенинг келажагингда ҳам борми́з!”

Сиёсий ҳужжатлар ўн йилликлар тарихини ёзиши мумкин, мактаблар эса юз йилликларни…

Чунки битимни давлат арбоби ўқийди, мактабда эса келажак авлод вояга етади.

Энди бу манзара янада яхлитлашмоқда: Фузулийда Улуғбек мактаби, Тошкентда Низомий Ганжавий номидаги Миллий педагогика университети, Янги Тошкентда “Озарбайжон” боғи, Бокуда “Ўзбекистон” боғи…

Булар алоҳида-алоҳида иншоотлар деб қаралмасликка ҳақли. Мен уларни муштарак туркий маданий жўғрофиянинг янги манзиллари деб биламан.

– Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий-гуманитар яқинлашувнинг сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликдаги ролини қандай кўрасиз?

– Менимча, Турк дунёсининг келажаги билан боғлиқ энг асосий саволлардан бири айнан шудир.

Турк дунёси фақат Саммитларда бирлаша олмайди ва бирлашмаслиги ҳам керак.

Университет университет билан, шаҳар шаҳар билан, ёзувчи ёзувчи билан, муаллим муаллим билан, ёш ёш билан учрашиши керак.

Тошкентда Низомий бўлса, Бокуда Навоий бўлиши керак — ва, албатта, бор.

Фузулийда Улуғбек бўлса, Янги Тошкентда Озарбайжон бўлиши керак.

Шуша Хива билан, Ланкаран Бухоро билан, Шаки Қўқон билан сўзлашиши керак — сўзлашмоқда ҳам…

Шу тариқа давлат раҳбарлари яратган улкан сиёсий меъморчилик ичида халқлар ўз маданий уйларини қурадилар.

Мен “меъморчилик” сўзини бу ерда атайлаб ишлатяпман. Меъморчилик, албатта, фақат тош санъати ва пластикаси эмас. Давлатлараро муносабатларнинг ҳам меъморчилиги бор.

Президентлар Илҳом Алиев ва Шавкат Мирзиёев кейинги йилларда Озарбайжон–Ўзбекистон муносабатларининг ана шундай янги меъморчилигини яратдилар.

Унинг пойдевори — тарихий қардошлик, устунлари — ўзаро ишонч, томи эса — муштарак келажакдир.

– Хўш, ушбу давлат ташрифининг Турк дунёсининг янада кенг интеграцияси нуқтаи назаридан асосий хабарини бир фикр билан қандай ифодалаган бўлардингиз?

– Мен “интеграция”ни фақат сиёсий атама сифатида кўрмайман. Ҳақиқий интеграция инсоннинг кундалик ҳаётига кирганида яшайди, ҳаётийлик касб этади.

Озарбайжонлик ёш ўзбек шоирини таржимасиз ўқиса, ўзбек талабаси Низомийни ўз маънавий бойлиги деб билса, Фузулийдаги мактаб ўқувчиси Улуғбек номидаги таълим даргоҳида таҳсил олса, тошкентлик оила “Озарбайжон” боғида ҳордиқ чиқарса… — интеграция протоколдан юксалиб, ҳаётнинг ўзига айланади.

Шунинг учун мен Озарбайжон–Ўзбекистон муносабатларининг бугунги босқичида уч сўзни ёнма-ён кўраман:

хотира — бунёдкорлик — келажак.

Хотира қаердан келганимизни унутишга йўл қўймайди. Бунёдкорлик бугунимизни ўзгартиради. Келажак эса буларнинг барчаси кимга қолишини кўрсатади.

2026 йилнинг Озарбайжонда “Шаҳарсозлик ва архитектура йили”, Ўзбекистонда эса “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” бўлиши шу нуқтаи назардан жуда гўзал рамзий уйғунлик яратди.

Бир мамлакат шаҳар меъморчилигини, иккинчиси жамиятнинг энг асосий бўғини ривожини устувор этмоқда. Аслида эса ҳар иккисининг марказида Инсон турибди.

Президент Илҳом Алиевнинг қардош Ўзбекистонга давлат ташрифи дастурига яхлит назар ташласак, 2026 йилнинг ҳар икки мамлакатда ташиётган маъноси гўё шу дастур ичида ҳам ўзининг ёрқин тажассумини топганини кўрамиз:

Янги Тошкент, университет, мактаб, боғ, инфратузилма, шаҳарлараро ришталар ва ниҳоят, Абадий дўстлик тўғрисидаги Шартнома!..

Яъни биз фақат шартнома имзоламаяпмиз —

макон қурмоқдамиз,

хотира яратмоқдамиз,

келажак бунёд этмоқдамиз.

Ҳусайн Жовиднинг машҳур сўзларини эсламасликнинг иложи йўқ:

“Туронга қиличдан-да кескин, улуғ қудрат — Фақат маданият, маданият, маданият!”

Менимча, Боку билан Тошкент бугун ана шу буюк фикрнинг XXI асрдаги давлатчилик таржимасини ёзмоқда.

– Ташаккур билдирамиз.

– Мен Сизга ташаккур билдираман. Қардош Ўзбекистонга, унинг давлати ва халқига Озарбайжондан кўнгил тўла салом ва эҳтиромларимни йўллайман!

Озарбайжон–Ўзбекистон қардошлиги абадий бўлсин!

Севинч Хушназарова суҳбатлашди.

Киритилди: 17:55 04.09.2026. Ўқилди: 473 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!