Фарғона шаҳридаги «Мурувват» МФЙ, Фарғона кўчаси, 78-уйнинг ертўласида сунъий бассейн ташкил қилиниб, турли балиқлар, жумладан, акула сақлангани маълум бўлди.
Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳудудий Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси хабар берди.
Қайд этилишича, ўрганиш давомида бир қатор қоидабузарликлар аниқланиб, уларни бартараф этиш юзасидан мажбурий кўрсатмалар берилган.
Хусусан, мазкур кўп қаватли уйнинг 78/17-хонадони мулкдори ертўла қисмини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 648-сон қарори талабларига зид равишда ўзбошимчалик билан жиҳозлагани маълум бўлган. У ерда сунъий ҳовуз ташкил этилиб, балиқ, жумладан, акула етиштирилаётгани аниқланган.
Ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 159¹-моддасига асосан маъмурий жарима қўлланилган. Шунингдек, ертўлани 15 кун муддатда бўшатиб, уни асл ҳолатига келтириш бўйича мулкдорга ёзма кўрсатма берилган.
Бундан ташқари, ичимлик сувидан ўзбошимчалик билан фойдаланилгани ҳолати бўйича ҳам тегишли баённома расмийлаштирилган.
Киритилди: Бугун 15:45.
Ўқилди: 931 марта.
Фикрлар сони: 0 та.