Ички ишлар ходимлари иш ҳақи 30 фоизга, маҳалла инспекторлари маоши эса 60 фоизга оширилади.
ИИВ ҳайъатининг кенгайтирилган йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев ички ишлар ходимлари туну кун, ҳар қандай шароитда эл хизматида эканини, уларнинг маошини белгилашда буни инобатга олиш кераклигини таъкидлади.
«Бу пандемия шароитида, Бухоро ва Сардобадаги оғир кунларда яққол кўринди. Бошқа пайт ҳам хавф-хатар доим уларнинг ёнида. Иш ҳақини белгилашда буни инобатга олиш зарур. Шунинг учун, жорий йилда барча ички ишлар ходимлари иш ҳақи 30 фоизга, жамоат хавфсизлигини таъминлашга бевосита жалб этилган, содда қилиб айтганда, маҳаллада хизмат ўтовчи ходимлар иш ҳақи эса 60 фоизга оширилади», — деди президент.
Шунингдек, тартиб-интизом, қонунларга ҳурмат, аҳолининг осойишталиги, энг аввало, маҳаллада тўғри йўлга қўйилиши зарурлиги айтилди. Бу борада кўрилган дастлабки чоралар натижасида ўтган йили 4 минг 500 дан зиёд маҳаллада биронта ҳам жиноят бўлмаган.