Ҳурмуз бўғозидаги ўғит етказиб беришидаги узилишлар глобал озиқ-овқат таъминотига хавф туғдирмоқда.
Ҳурмуз бўғозидаги савдо ва юк ташишдаги узилишлар ривожланаётган мамлакатларда яна 45 млн кишигача ўткир озиқ-овқат хавфсизлиги муаммосига дуч келишига сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳақда БМТнинг Лойиҳа хизматлари идораси (UNOPS) ижрочи директори Жорге Мореира да Силва маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, айниқса ўғит етказиб беришдаги узилишлар келгуси ҳосилга ва озиқ-овқат таъминотига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. UNOPS маълумотларига кўра, Ҳурмуздаги вазият энергия, ўғит ва озиқ-овқат таъминотида глобал инқироз хавфини кучайтирмоқда.
Мореира да Силва Ҳурмуз бўғози орқали ўғит ва бошқа зарур юкларни хавфсиз олиб ўтиш учун махсус механизм яратиш зарурлигини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, хавфсиз йўлак ташкил этилиши ўғит етказиб беришни қайта йўлга қўйиш ва озиқ-овқат инқирозининг олдини олишга ёрдам бериши мумкин.
БМТнинг аввалги таҳлилларида Ҳурмуз орқали кемалар қатнови урушдан олдинги кўрсаткичга нисбатан кескин камайгани қайд этилган. UNOPS маълумотига кўра, бўғоздаги узилишлар ўғит нархларининг ошишига, фермерларнинг зарур ресурслардан фойдаланиши қийинлашишига ва келажакдаги ҳосилга босим кучайишига олиб келмоқда.
Мореира да Силва Ҳурмуз орқали гуманитар мақсадлардаги юклар, жумладан ўғитларнинг хавфсиз ва тартибли транзитини таъминлаш бўйича БМТ механизми устида иш олиб борилаётганини билдирган. Ташкилот бу масалани тезда ҳал қилиш озиқ-овқат хавфсизлигини сақлаб қолиш учун муҳим эканини таъкидламоқда.