Бугун 20 апрель, 2024 йил, шанба

O'ZB

Ҳукумат вакили тўйларни намунавий ўтказиш бўйича сценарийлар ишлаб чиқишни таклиф қилди

Ҳукумат вакили тўйларни намунавий ўтказиш бўйича сценарийлар ишлаб чиқишни таклиф қилди

Тўй ва маросимларини ўтказиш бўйича миллийлик ва замонавийликни ўзида мужжасам этган сценарийлар ишлаб чиқиш керак. Ушбу таклиф Ўзбекистон маданият вазири ўринбосари Камола Оқилова томонидан билдирилди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири Мусулмонбек Иброҳимов.

Оқилова хонимнинг таъкидлашича, тўй ва маросимларни ўтказиш тартиб-қоидаларини тайёрлаш бўйича Маданият вазирлигининг Концерт-томоша муассасаларини ривожлантириш бошқармаси ва «Ўзбекикконцерт» томонидан иш бошланган.

Шахсий фикримча, тўйларни чиройли ўтказиш бўйича сценарийлар ишлаб чиқиш керак. Унда тўйнинг қандай ўтиши, қандай бошланиши белгилансин. Албатта, миллийликдан келиб чиқиб, сценарийда чиройли удимларимиз қисман ўз аксини топсин.

Асосий масала нима? Биринчидан, тарихийлик ва миллийликни сақлаш. Иккинчидан, замонавийликни ушлаб қолиш. Санъаткорларни чақиришда нималарга урғу бериш керак? Масалан, Президентимиз тўйларда мақомлардан бўлсин деб, айтгандилар.

Шу билан бирга, олимларни жалб қилиб, тўйлар ҳақида илмий тадқиқотлар қилиш, чиройли тўйларни юзага олиб чиқиш лозим.

Камола Оқилова, Ўзбекистон маданият вазири

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил октябри бошида Ўзбекистон Сенати Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисидаги низомни эълон қилган эди. Низомга мувофиқ тўй ва маросимларни ўтказишда шуҳратпарастлик, дабдабабозлик ва исрофгарчиликка йўл қўймаслик, маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигига путур етказмаслик, жамиятда шаклланган одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий амал қилиш талаб этилади.

Кейинроқ эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга «Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш тартибини бузиш» деб номланган янги моддани қўшиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинди. Қонун шу таҳрирда тасдиқланса, Тўй низомини бузган тўй эгалари базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари (2 ноябрь ҳолатига кўра — 2,23 миллион сўм), тўйхона эгалари эса 30 баравари (6,69 миллион сўм) миқдорида жаримага тортилиши мумкин.

Сенатор Иқбол Мирзо эса дабдабали тўй қилаётганларга шунчаки жарима солиш билан чекланмай, уларни халқ олдида шарманда қилишни ҳам таклиф этганди. Кейинроқ худди шу сенатор тўй-маросимларга фақат икки санъаткор чақирилишини назарда тутувчи тартибни санъаткорлар иштирокида қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқлиги ҳақида фикр билдирди.

Киритилди: 06:33 03.11.2019. Ўқилди: 1800 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!