Александр Биссоннетт Канаданинг Квебек шаҳри ғарбида жойлашган Кап-Ружда таваллуд топган. Қўшниларининг айтишича, у жуда сокин, оғир-босиқ, ўта камгап. Фақат эгизаги билан гаплашади. Яқин-яқинлардан бери энг қадрдон танишлар билан ҳам гаплашмай қўйган. Айтишларича, у экстремистик оқим таъсирига тушган экан.
Мактаб йилларида эса эгизакларни мактабдошлар, синфдошлар нуқул масхаралашар, лекин эгизаклар уларга ҳеч қачон амалда жавоб қайтаришмаган. Масхаралаганлари учун жазоашмаган. Юқори синфга ўтгач, Александр Канада қироллик армиясининг кадетлар курсига ўқишга кирди. Уни тугатгач, университетда таҳсил олди. Овга қизиқди. Бунинг учун қонун йўли билан сотиб олинган қуроли ҳам бор эди.
Александр Канададаги муҳожирлик бўйича юритилаётган сиёсатга, Исломга ва беҳаё аёлларга қарши эканини сир тута олмаган. Азалдан уларни танқид остига олган. Уларга қарши ўзича кураш олиб борган.
У Америка президенти Дональд Трамп юритаётган сиёсатга тан берибди. Бундан ташқари, франциялик сиёсатчи Марин Ле Пенни ҳам жуда хуш кўрармиш. Бу аёл ҳақида катта давраларда керагидан ортиқ илиқ гаплар айтишдан ҳеч қачон тийила олмайди. Даҳшатлиси, мусулмон оламига қалбида кучли нафрат уйғотган ҳам худди шу франциялик сиёсатчи аёл экан.
Биссоннеттнинг ота уйи Квебекдаги Ислом маданий марказидан 15 дақиқалик йўл. Аммо негадир у квартирага кўчиб ўтган. Квартираси Ислом маданий марказига жуда яқин эди. Хўш, нега бундай йўл тутди? У Исломни кўра олмасди-ку!..
БИССОННЕТТ ҚОТИЛ
Ҳа, гап бошқа ёқда экан. У бекорга Ислом маданий маркази яқинига кўчиб ўтмабди. Биссоннетт мусулмонлар қонини тўкишга ошифта экан. Ана шу қора ниятини амалга ошириш учун кунларнинг бирида ўша атрофдаги мачитга кириб борди. Ўшанда соат маҳаллий вақт билан 19:50 эди. Мусулмонлар мачитда кечки намозни ўқишаётганди. Кирди-ю, қўлидаги қуролни намоз ўқиётганларга тўғрилаб тепкини босди. То қуролда патрон қолмагунча тепкини қўйиб юбормади. Оқибатда олти нафар келиб чиқиши африкалик бўлган эркакнинг бошига етди. Беш киши турли даражадаги жароҳатлар билан касалхонага олиб кетилди. Уларнинг икки нафари ўта оғир аҳволда экани айтилди.
Кейинчалик журналистлар қўлга олинган мусулмонлар кушандасидан амалга оширган жинояти ҳақида сўрашганда, у хотиржам жавоб қилди:
— Мен афсусланмайман. Чунки афсус чекадиган иш қилмадим. Мен ота-онамни террорчилардан ҳимоя қилдим...
БУ ТЕРРОРДАН БЎЛАК НАРСА ЭМАС
Расмий маълумотларда айтиладики, ўша маҳал мачитда жами 60 киши бўлган. Барчалари кечки намоз амалини адо этиш ниятида мачитга келганди.
Винтовкадаги патронлар тугагач, Биссоннетт мачитдан чиқди ва орадан роппа-роса 17 дақиқа ўтгандан кейин 911 хизматига қўнғироқ қилди. Хизмат вакилларига ҳозиргина 6 кишини ўлдирганлиги, энди яқин орада ўз жонига қасд қилмоқчи эканини айтди-ю, телефонни ўчирди.
“Бузоқнинг югургани сомонхонагача”, деб беҳуда айтишмаган. Барибир полициячилар қотилни тутишди. Олдинига унинг шериги ҳам бор деган хаёлга боришганди. Ундай бўлиб чиқмади. Биссоннетт бир ўзи қотиллик жиноятини амалга оширган экан.
Тергов жараёнида Биссоннетт мусулмонларни кўришга кўзи йўқлигини яшириб ўтирмади. Илож топса, бундан кейин ҳам уларни ўлдиришда давом этиши муқаррарлигига ишора қилди. Яна шуни айтиб ўтдики, у мусулмонларнинг энг хавфли ва ёвуз душмани ҳисобланади. Мусулмонларни ўлдириш учунгина ота уйини ташлаб ислом маркази яқинидан ижарага квартира олган экан.
“Montreal Gazette” нашри эса Александр Биссоннетт ҳақида янги тафсилотларни ошкор этди.
Судлов жараёнида психиатр ва психологлар билан суҳбатлашган Биссоннетт мактабдаги таҳқирлашлар туфайли 16 ёшида илк бор ўзини ўлдиришга уринганини, шундан кейин нуқул депрессия ҳолатида бўлганини айтган. Маълум бўлишича, у оммавий қатллар мавзусига қизиққан ва жамиятда “антиқаҳрамон” ўлароқ ном чиқарганларга ҳавас қилган. Атрофдагиларнинг уни ношуд деб ҳисоблагани эса азоб берган.
“Ақалли ҳаётимнинг сўнгги лаҳзаларида Худо бўлмоқчи эдим. Мен ҳаёт ва ўлим масаласини ҳал қилишим мумкин эди”, — деб айтган у.
Психиатрлар Александр Биссоннеттни соғлом деб топди, бироқ унинг қачондир жамият учун хавфсиз шахсга айланиши мумкинлигига ишончлари комил эмас.
Канада бош вазири Жастин Трюдо Биссоннетт амалга оширган қотилликни террор ҳаракати деб атади.
ҚОТИЛНИНГ ОТА-ОНАСИ НИМА ДЕЙДИ?..
Квебеклик қотил Александр Биссоннеттнинг ота-онаси Манон Маршанд ва Раймонд Биссоннеттлар ҳам фарзанди хусусида журналистларга қуйидагиларни айтиб ўтган:
— Биз 27 ёшли ўғлимиз Александрни илгари қандай севган бўлсак, ҳозир ҳам шундай севамиз. Қотиллиги учун ундан воз кечмаймиз. Жинояти масаласига келсак, у адашди. Бу адашиш унга жуда қимматга тушадиган бўлди. Биз Александрни қотил этиб тарбияламагандик. Афсуски, шундай бўлиб чиқди. Худонинг хоҳиши-да!
Суд жараёни ҳозир ҳам давом этмоқда. Прокурорларнинг ишонч билан айтишига қараганда, уни бир умрга озодликдан маҳрум этишлари мумкин.
Manba: "7 mo'jiza" gazetasi