Бугун 22 декабрь, 2024 йил, якшанба

O'ZB

Ҳомиладорликда тўғри овқатланиш: Бунда аёллар нималарга эътибор бериши керак?

Ҳомиладорликда тўғри овқатланиш: Бунда аёллар нималарга эътибор бериши керак?

Ҳомиладорликда тўғри овқатланиш нафақат аёл саломатлиги, балки туғилажак фарзанднинг соғлом дунёга келиши учун ҳам жуда муҳим.

Шундай экан, бу борада бўлғуси оналар нималарга эътибор бериши керак? Қандай егуликларни истеъмол қилишда эҳтиёткор бўлган маъқул?

Ушбу саволларга акушер гинеколог Арофат Исаева батафсил маълумот берди.

— Ҳомиладорликда тананинг қўшимча энергия ва озуқа моддаларига бўлган эҳтиёжи ортади, — дейди мутахассис. — Шу боис ҳар бир аёл бу даврда соғлом овқатланишга эътибор бериши керак.

Гарчи, биринчи уч ойликда онада энергияга бўлган талаб бирмунча кам бўлса-да, иккинчи ва учинчи уч ойликда организм кунига қўшимча 300-500 ккалга эҳтиёж сезади. Бироқ бу — жуда кўп таомланиш керак дегани эмас.

Тўғри, кўпчилик аёллар бағрида мурғак вужуд улғаяётгани учун ҳам кўпроқ овқат ейишни истайди, лекин бунда ҳажм эмас, балки маҳсулотларнинг тури ва сифати муҳим ҳисобланади. Яъни истеъмол қилинадиган егуликлар хилма-хил бўлиши лозим.

Хусусан, оқсил ҳомиланинг тўғри ривожланиши, ҳужайралар ва органларнинг шаклланиши учун зарур. Шу сабабли тана ҳар куни етарлича оқсил қабул қилиш керак. У асосан, товуқ ва мол гўшти, балиқ, тухум, пишлоқ ҳамда қатиқ каби сут маҳсулотлари, мош, ясмиқ таркибида кўп миқдорда бўлади.

Шунингдек, бу даврда она организми етарли даражада витамин ва минераллар билан таъминланиши керак. Хусусан, фолий кислотаси ҳомиладорликнинг биринчи босқичларида боланинг марказий асаб тизими ривожланишида муҳим рол ўйнайди. Шу боис ушбу кислотага бой бўлган егуликлар — баргли кўкатлар, апельсин, лимон ва донли маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилиш тавсия этилади.

Она ва ҳомила учун зарур бўлган яна бир модда темир ҳисобланиб, у қонни кислород билан таъминлашда асосий вазифани бажаради. Бу витаминнинг етишмаслиги анемияга олиб келишини инобатга олсак, исмалоқ, дуккали маҳсулотлар, броколли, қовоқ уруғи, курка гўшти ва жигар каби темир моддасига бой озуқаларни кунлик таомномага киритиш мақсадга мувофиқ.

Қолаверса, кальций туғилажак боланинг суяклари ва тишлари ривожланиши учун муҳим витамин бўлгани боис, сут маҳсулотлари (қатиқ, пишлоқ, сут), бодом, кунжут, сардина балиғи ва баргли кўкатларни истеъмол қилиш лозим.

Ҳомиладорлик даврида суюқлик ичишга ҳам алоҳида эътибор бериш зарур. Чунки у аёлнинг ўзини яхши ҳис этиши ва ҳомиланинг меъёрда ривожланиши ва ўсиши учун жуда фойдали. Хусусан, кунига 8-10 стакан тоза сув ичиш организмга ижобий таъсир кўрсатади.

Шуни ёдда тутиш керакки, ҳомиладорликда таомни тез-тез ва оз-оздан тановул қилиш лозим. Шу билан бирга, ичакларнинг вақтида бўшаши учун мева ва сабзавотларни кўпроқ кунлик рационга киритиш, агар ич қотишга мойиллик бўлса, қурутилган олхўри истеъмол қилиш тавсия этилади.

Бу даврда аёл буйракларига ортиқча юк тушмаслиги учун шўр маҳсулотлар, тузланган сабзавотлар, дудланган балиқ ёки ҳар хил соусларни камроқ истеъмол қилган маъқул. Аччиқ таомлар, кофеини бор маҳсулотлар ва спиртли ичимликлардан бутунлай сақланиш керак.

Киритилди: 09:31 18.09.2024. Ўқилди: 1005 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!