Бугун 4 январь, 2025 йил, шанба

O'ZB

Ҳазрати Усмон Қуръони Ўзбекистонга қандай қайтарилган эди?

Ҳазрати Усмон Қуръони Ўзбекистонга қандай қайтарилган эди?

Тарихдан маълумки, буюк Амир Темур Сурия ва Ироққа қилган ҳарбий юриши чоғида исломнинг мўътабар китоби ‒ Усмон Қуръонини Самарқандга келтирган. Ушбу муқаддас китоб узоқ йиллар давомида Самарқанддаги машҳур Хўжа Аҳрор Валий масжидида сақланган.

Ўтган асрнинг иккинчи ярмида бугунги Марказий Осиё ҳудудларини босиб олган Чор Россияси ҳарбийлари томонидан юртимиз, халқимиз тарихига оид жуда кўп осори-атиқалар, нодир китоблар, қўлёзмалар олиб кетилган. Жумладан, чор Россияси генерали фон Кауфман Ҳазрати Усмон Қуръонини тортиб олиб, 1868 йилда Россияга юборган ва у октябрь тўнтаришига қадар Петербургдаги подшо кутубхонасида сақланган.

Ҳазрати Усмон Қуръони 1917 йилдаги октябрь инқилобидан сўнг Уфага, кейинроқ эса Тошкентга олиб келинган. Муқаддас китобни юртимизга қайтариш, албатта осон кечмаган. Миллат, дин фидойиси бўлган бир гуруҳ илғор юртдошларимизнинг саъй-ҳаракати билан қайтарилган.

Андижон давлат университети қошидаги “Қатағон қурбонлари хотираси музейи” раҳбари, тарих фанлари доктори, профессор Рустамбек Шамсутдинов раҳбарлигида тарихчи олимлар томонидан олиб борилган тадқиқотлар давомида Усмон Қуръонини юртимизга қайтариш билан боғлиқ мамлакатимиз ва Россия архивларида сақланаётган ҳужжатлар ўрганиб чиқилди, улардан нусхалар олиниб, ўзбек тилига таржима қилинди.

Профессор Рустамбек Шамсутдинов муқаддас китобни юртимизга қайтарилишига оид жараёнларни ҳукумат ва диний идораларнинг тарихий, расмий архив ҳужжатлар асосидаги ўрганишлари якунлари бўйича хулоса-маълумотларни кенг жамоатчиликка эълон қилди. Ушбу мавзудаги мақола “Водийнома” илмий, ижтимоий-тарихий журналида чоп этилди.

Октябрь инқилобидан сўнг – 1917 йилнинг декабрь ойида Петроградда бўлиб ўтган мусулмонлар қурултойи қарорида мусулмонлардан чор ҳокимияти томонидан мусодара қилган Усмон қуръонини қайтариш ҳақида бандлар киритилган. Яъни қарор резолюциясида: мусулмонларнинг муқаддас ёдгорлиги – Ҳазрати Усмон Қуръони мусулмонларнинг ўз қўлида бўлиши кераклиги, Ички Россия ва Сибирь мусулмон миллий парламенти томонидан китобни Уфа шаҳрига олиб келиш, бу вазифага масъул этиб, Бутунроссия мусулмонлари ҳарбий шўроси раиси ўринбосари Усмон Токумбетов ҳамда Миллий парламент аъзоси Керим Саидов тайинланади.

Мусулмонлар талаби инобатга олиниб, РСФСР Халқ Комиссарлари Совети Муқаддас Усмон Қуръонини Ички Россия ва Сибирь мусулмонлари миллий парламентига қайтариб бериш юзасидан тегишли қарор қабул қилади. 1917 йил 19 декабрдаги мазкур ҳужжат Халқ Комиссарлари Совети раиси В.Ульянов (Ленин), Совет ишлари бошқарувчиси Бончъ-Бруевич, котиб Н.Горбуновлар томонидан имзоланган.

Шу тариқа Ҳазрати Усмон Қуръони 1918 йил бошларида Бутунроссия мусулмонлари советига берилиб, Уфа шаҳрига олиб келинган.

Бу ҳақда Туркистонда чиқадиган “Ҳуррият” газетасининг 1918 йил 8 мартдаги 77- сонида қуйидаги ахборот берилган:

“Ҳазрати Усмон Мусҳафи Ярим асрдан бери Петербург музей хонасинда сақланмоқда бўлған Ҳазрати Усмон Мусҳафи шарифи 19 январда улуғ бир аскарий ҳайъат ила Уфага келтирилди. Ҳайъат бошинда Петербург мўътабаротиндан Амин Афанди Мақсудов бор эди. Бу Мусҳафи шариф мусулмон аскарлари миллий идора тарафиндан сайланған ҳайъат ва бошқа мўътабарони исломия тарафиндан тантанали суратда қарши олинди.

Мусҳафи шарифни диния назоратина топширмоқ маросими ҳам ниҳоятда тантанали суратда ижро этилиб, таъсирли нутқлар сўйланди.”

1923 йилга келиб, Тошкент ва Жиззах уламолари Туркистон АССР Марказий Ижроия Комитетига муқаддас Ҳазрати Усмон Қуръонини Тошкентга қайтарилишини сўраб мурожаат қилади.

Ана шу мурожаат бўйича Туркистон АССР Марказий Ижроия Комитети РСФСР Миллатлар иши халқ комиссарлигига ва бошқа идораларга Усмон Қуръонини қайтарилиши бўйича кўплаб хатлар юборилади. Бу борадаги ишларга Туркистон давлатининг раҳбари Иномжон Хидиралиев бевосита раҳнамолик қилади.

Совет ҳокимияти 1923 йилнинг баҳорида Туркистон Республикаси (Тошкент ва Жиззах уламоларининг мурожаатлари) илтимосига кўра, Ҳазрати Усмон Қуръонини Тошкентга юборишга қарор қилади.

Ушбу масала 1923 йил июнь ойида Уфада бўлиб ўтган Бутунроссия Мусулмонлар қурултойида ҳам кўриб чиқилади. Қурултойда Туркистон Мусулмонлари вакиллари Қуръонни Тошкентга қайтариш юзасидан чиқишлар қилади.

Совет ҳокимиятининг тегишли қарорлари асосида Бутунроссия мусулмон руҳонийлари қурултойи 1923 йилнинг 14 июнида Усмон Қуръонини қайтариш тўғрисидаги масалани ҳал этиб, уни Туркистон маркази ҳисобланган Тошкентдаги Маҳкамаи шаръияга бериш ҳақидаги қарорни қабул қилади.

Ички Россия ва Сибирь мусулмонлари марказий диний ишлари бўлимига Қуръонни расман топшириш билан боғлиқ ташкилий ишларни амалга ошириш вазифаси топширилади.

Қуръонни Тошкентдаги Маҳкамаи шаръия олиб келиш, Туркистон мусулмонларига топшириш учун Туркистон мусулмонлари идорасидан Ризоуддин Фахруддинов (раис), Ички Россия ва Сибирь мусулмонлари марказий диний идорасидан Абдураҳмон Умаров (котиб), фуқаро Зоҳириддин Қосим Аълам (раиси ўринбосари), муфтий Муҳаммадхўжа Норхўжаев, Тошкентдаги Маҳкамаи шаръиядан Шамсуддин ҳожи Хўжаев, Туркистон Марказий Ижроия Комитети аъзоси Султон Хўжаев ва Миллатлар иши халқ комиссарлиги ваколатли ходими Гисматуллиндан иборат комиссия тузилди.

Мазкур комиссия қарори билан Уфага Ҳазрати Усмон Қуръонини олиб келиш учун асли андижонлик, эски усулдаги мактаб ва мадрасада таҳсил олган, ислом ҳуқуқшуноси, Туркистон мухториятини қўллаб-қувватлаган, 1923‒1936 йилларда Туркистон, Ўзбекистон диний назорати идорасида турли лавозимларда ишлаган, 1936 йилда аксилинқилобчиликда айбланиб қамоққа олинган ва 1937 йилда олий жазога ҳукм қилинган Зоҳириддин Қосим Аълам бошчилигида бир неча кишидан иборат ҳайъат юборилади. Уларга йўл давомида қуръонни ҳеч кимга кўрсатмаслик ва қатъий назорат остида Тошкентга келтириш вазифаси топширилади.

Ҳайъат аъзолари тегишли ҳужжат ва далолатномалар асосида Ички Россия ва Сибирь мусулмонлари марказий диний идорасидан Усмон Қуръонини қабул қилиб олади.

Ҳазрати Усмон Қуръони 1923 йилнинг ёз ойида махсус поезд билан аскарлар қўриқчилигида Тошкентга олиб келинади ва Маҳкамаи шаръияга топширилади. Бу ҳақда Масквадаги турли идораларга телеграммалар юборилган.

Киритилди: 11:33 31.12.2024. Ўқилди: 1964 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!