Истеъмолчиларни энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида энергетика тизими 24 соатлик кучайтирилган иш режимида фаолият юритмоқда.
Ҳудудларда ишларнинг бориши доимий назоратда бўлиб, юзага келаётган носозликлар зудлик билан бартараф этилмоқда.
Ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши сабабли табиий газга бўлган талаб ошгани боис айрим ҳудудларда қувурларда газ босимининг пасайиши кузатилмоқда.
Аҳоли хонадонлари, тиббиёт ва таълим муассасаларини биринчи навбатда табиий газ билан таъминлаш устувор вазифа ҳисобланади.
Шу сабабли автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари "метан заправкалар" фаолиятига вақтинча чеклов киритилди.
Бу чоралар фақат совуқ кунларда аҳоли учун барқарор таъминотни таъминлашга қаратилган бўлиб, вазият барқарорлашиши билан чекловлар бекор қилинади.
Ҳудудлардаги вазиятга қараб қўшимча маълумот тақдим этилади.
Шу билан бирга, аҳоли эҳтиёжларини таъминлаш мақсадида ижтимоий соҳа объектларига хизмат кўрсатувчи ҳамда жамоат транспорт воситалари учун газ таъминоти чекловларсиз, барқарор тарзда таъминланади. Ушбу йўналишларда фаолият юритаётган транспорт воситаларининг узлуксиз ишлаши аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини сақлаб қолишда муҳим аҳамият касб этади.