Бугун 26 июль, 2025 йил, шанба

O'ZB

Ҳасад ҳалок қилгувчи беморлик

A A A
Ҳасад ҳалок қилгувчи беморлик

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Абу Ҳурайра розияллоҳу таоло анҳудан. Албатта набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: Сизлар ҳасаддан сақланинг, чунки олов ёғочни (ёки ўт ўланни) егани каби ҳасад ҳам яхшиликларни ейди, дедилар. (Абу Довуд Одоб китоби ҳасад боби. 4903-ҳадис)

Ҳасад ботиний беморлик

Аллоҳ таоло бизнинг зоҳирий амалларимиздан баъзиларини бизларга қилишлик фарз ёки вожиб ва баъзиларини эса қилишлик гуноҳ деб ҳукм чиқаргани каби, ботиний амалларимиздан кўп амалларни фарз, гуноҳ ва қилишлик ҳаром деб ҳукм қилган. Зоҳирий катта гуноҳлардан сақланиш қанчалик зарур бўлса, ботиний гуноҳлардан ҳам сақланмоқ шунчалик лозимдир. Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бизга, олов қуриқ ёғоч ёки қуриқ ўт-ўланга тегиши билан уни кулга айлантиргани каби, худди шундай ҳасад деган иллат ҳам бирор кишига тегиши билан, унинг яхшиликларини еб битиради , демоқдалар.

Ҳасад ўти ёндиради

Бир катта олов бўлади, у қандайдир дақиқаларда ҳамма нарсани ёндириб битиради ва бир енгил ёнадиган олов бўлади, у бирор нарсага тегса, уни бир онда ёндириб юбормайди, балки аста-аста, оҳисталик билан уни еб битиради ва теккан нарсасини кулга айлантиради. Ҳасад ҳам, худди шундай теккан нарсасини аста-аста ёқиб битирувчи олов ва беморликдир. Ҳасад деб номланган хасталик инсон ҳали уни англаб етмасидан, уни яхшиликларини йўққа чиқаргани сабаб, набий саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳасаддан сақланишни алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Ҳасаддан сақланиш фарздир

Лекин биз ҳаёт тарзимиз ва арофимизга кўз югиртирсак, ҳасад деган касаллик кундалик ҳаётимизда тарқалиб кетгани яққол кўзга ташланади. Ушбу касалликдан сақланиб пок қолган Аллоҳ таолони бандалари орамизда ниҳоятда оз миқдорни ташкил қиладилар. Ҳасаднинг бирор даражаси агар инсон дилидан ўтиши билан, ундан сақланишлик фарз бўлади. Ва ҳасаддан тийилмаган ҳолда тўғри ва покиза ҳаёт кечириб бўлмайди. Ҳасад аслида аҳамият беришлигимиз лозим бўлган нарса бўлса ҳам ва ушбу беморлик билан хасталанган бўлсакда, парвойи-фалак бўлган ҳолда ҳеч нарсага эътибор ҳам бермаймиз.. Энди, ҳасадни ҳалокатли хасталик эканлигини тан олганимиздан сўнг, уни олдини олиш, қисқача қилиб айтганда ушбу касаллликдан фориғ бўлишимиз учун, тўрт нарсани яхши тушиниб олишимиз керак бўлади.

Биринчи: Ҳасадни ҳақиқати нима?

Иккинчи: Уни қандай қисмлари бор?

Учинчи: Уни келиб чиқиш сабаблари қандай?

Тўртинчи: Унга қарши қандай муолажа қилиш керак?

Ушбу тўрт нарса китобимизни асосий мавзусидир. Аллоҳ таоло бу китобни ёзишлигимиз билан ушбу ишимизни бизнинг дилимиздан, бу ёмон хасталикни кетгазувчи восита қилсин. Амин.

Ҳасаднинг ҳақиқати

Бирор кишига хоҳ дунёвий ёки диний неъмат етса, энди бир шахс ушбу неъматларни кўриб дилида унга нисбатан кўролмаслик ёки ачиниш пайдо бўлсаки, бу неъмат нега унга берилди, кошки бу нарса ундан тортиб олинса яхши бўларди , деган ўйга борса, шуни ҳасаднинг ҳақиқати, дейилади.

Масалан: Аллоҳ таоло бирор бандасига молу, давлат берса ёки кимгадир саломатлик, шуҳрат, иззат, ёки илм берса, энди бошқа бир банданинг дилида унга нисбатан, бу неъмат нега унга берилди, ундан бу неъматни тортиб олинса яхши бўларди , деган ҳаёл пайдо бўлса ва унинг бошига бирор кулфат келишлиги билан хурсанд ва у киши тараққий топишлиги билан унинг дилида, нега ривожланади, деган ранж ва афсус пайдо бўлса, бунинг номи ҳасаддур.

Энди ҳасаднинг ушбу ҳақиқатини олдимизга қўйиб мулоҳаза қилсак, ҳасадгўй ҳақиқатдан ҳам Аллоҳ таолонинг битиб қўйган тақдири ва ҳукмига, бу неъмат нега унга берилади? Нега менга берилмади? деб мутлоқ қодир ва эҳсон, неъматларни бергувчи зотга, эътироз қилаётгани кўз ўнгимизда намоён бўлади. Шу билан бирга кишида, бу неъмат ундан қай йўл билан тортиб олинар экан, деган хоҳиш ҳам пайдо бўлади. Шунинг учун ҳасаднинг хафв-хатари бениҳоя кўпдур.

Рашк қилмоқ жоиз

Шу ўринда бир гапни яхши тушуниб олмоқ керак бўлади: Баъзида бошқа бирор кишига неъмат етишлиги билан дилимизда менга ҳам шундай неъмат етса бўларди, деган туйғу ўтса, бу ҳасад эмас, балки рашк дир. Араб тилида буни ғобато , яъни ҳавас қилмоқ, дейилади ва баъзи ўринларда ҳасад лафзига ҳам ишлатилади, лекин ҳақиқатда бу ҳасад эмас. Масалан: бирор киши яхши ҳовли-жойга эга бўлса, киши чин-дилдан, ниҳоят яхши жой бўлибди, қани энди шу киши каби менга ҳам роҳат макон жой насиб қилса ёки у етган мансабга мен ҳам етсам , деса ёки Аллоҳ унга қандай яхши илм берган бўлса менга ҳам шундай неъмат насиб қилсин, дейишлиги, ҳасад эмас, балки рашкдир ва бундай туйғу билан киши гуноҳкор ҳам бўлмайди. Лекин ундаги неъматни зоил бўлиши ва ундан тортиб олиниш хоҳиши киши дилида пайдо бўлса, ҳасад бўлади.

Ҳасаднинг уч босқичи

Ҳасаднинг уч босқичи бўлади. Биринчи босқич: Мен ҳам худди шундай неъматга эришай, агар унда бўла туриб менга ҳам берилса қандай яхши, йўқса ундан тортиб олиниб менга берилганда эди , демоқ, бу ҳасаднинг биринчи босқичидир. Иккинчи босқич; бировга берилган неъмат, ундан тортиб олиниб менга берилганда эди , дейиш билан биринчи қадамдаёқ ундан тортиб олиниш хоҳиши ва иккинчи қадамда эса менга берилганда эди , деган хоҳиш бўлса, бу ҳасаднинг иккинчи босқичидир. Учинчи босқич: Киши дилида, бу неъматни ундан қайси йўл билан ҳам тортиб олиниб ундан маҳрум қилинса, кейин бу неъмат менга насиб қиладими йўқми барибир , дейишлик, энг разил, пас ва палит босқичдир. Аллоҳ таоло ҳаммамизни бундан сақласин. Амин.

Энг биринчи ҳасадгўй

Энг биринчи ҳасадгўй бу иблис алайҳи лаънадир. Аллоҳ таоло одам алайҳиссаломни яратиб; мен унга ерда халифалик бериб, ердаги халифам қиламан, деб эълон қилди ва Одам алайҳиссаломга бу мақомни бергандан сўнг, фаришталарга қарата, унга сажда қилинг, деб ҳукм қилди. Ушбу ҳукмни иблис эшитгач; унга шундай мартаба етибди, нега менга етмайди, деб ичидан куйди ва буни натижасида одамга сажда қилишни рад қилди ва Аллоҳ таолони лаънатига дучор бўди. Шундай қилиб энг биринчи ҳасадгўй ва ҳаммадан аввал кибр қилган ҳам шайтон алайҳи лаъна бўлади.

Ҳасадддан келиб чиқадиган натижа

Ҳасаддан келиб чиқадиган натижа шуки, ҳасад қилинаётган кишига бирор ранж ёки ғам етишлиги билан ҳасадгўй хурсанд ва шод бўлади. Агар тараққий топса ёки унга бирор неъмат етса, бундан ҳасад қилувчига ранж етади. Бошқаларга етган кулфатдан хурсанд бўлишни араб тилида шамататун яъни ичиқоралик дейилади, бу ҳам ҳасаднинг бир қисмидир. Қуръони карим ва ҳадисда бир неча ўринларда буни мазаммат қилинган. Масалан: Ёки Аллоҳ одамларга ўз фазлидан берган нарсаларга ҳасад қилмоқдаларми ? ( Нисо сураси 54-оят)

Ҳасаднинг икки сабаби

Ушбу ҳасад деган беморликнинг сабаби нима? Ва бу беморлик нега дилда пайдо бўлади? Бунинг икки сабаби бор. Биринчи сабаб, дунёда молу давлатга бўлган муҳаббат ва мансабга бўлган муҳаббатдир. Негаки инсон ҳамиша мартабаси баланд ва олий бўлишини хоҳлайди ва бошқани ундан ўтиб кетишлиги билан уни ағдаришни ўйлай бошлайди.Иккинчи сабаб, буғз ва гина масалан, киши дилида буғз ва гина пайдо бўлса, буни натижасида, унга роҳат етишлиги билан кишига кулфат ва хурсанд бўлишлигидан эса ҳасадгўйга ғам етади. Энди қачонки киши дилида ушбу икки иш пайдо бўлса, буни оқибатида албатта ҳасад пайдо бўлади.

Ҳасад дунё ва охиратда ҳалок қилувчи

Ҳасад нафақат охиратда, балки дунёда ҳам инсонни ҳалок қилувчи ёмон беморликдир. Бир киши, иккинчи одамга ҳасад қилиши билан азоб ва ғамда қолади.Негаки ҳасадгўй ўзидан бошқани равнақ топишини кўрмоғи ила, дилида ранж, ғам ва сиқилиш пайдо бўлади. Бунинг оқибатида киши бора -бора саломатчилигини ҳам юқотади.

Ҳасадгўй ҳасад ўтида ёнади

Бир арабий шеърда, ҳасад-оловга ўхшатилади.Оловни бирор нарсага тегиши билан уни емоқлик хусусияти бор.Масалан; ёғочни оловга ташласак олов уни ёндира бошлайди ва ёғоч ёниб битгач эса, ёнаётган ўтни бир қисми уни иккинчи қисмини, то олов ўчгунга қадар еб битиришга киришади. Ҳасад ўти ҳам, олов кабидир ҳасад қилувчи аввал бошқани расво қилиш ва унга нуқсон етказишга ҳаракат қилади, қачон бошқага нуқсон етказа олмаса, ўзи ҳасад ўтида ёна-ёна адо бўлади.

Ҳасаднинг муолажаси

Ушбу ҳасад деб номланган беморликни муолажаси, ҳасадгўй киши ушбу сўзларни фикр ва тасаввур қилмоғи лозимдир: Аллоҳ таоло ушбу коинотни ўзига хос ҳикмат ила инсонларга ўз неъматларини тақсим қилди. Масалан, кимгадир саломатлик неъматини, кимга давлат, кимга иззат, кимга ҳусни-жамол, кимгадир тинчлик ва хотиржамлик неъматини ато қилган. Бу фоний дунёда қайсидир неъматга муяссар бўлмаган ва қайсидир азобга мубтало бўлмаган инсоннинг ўзи йўқ.

Уч олам

Аллоҳ таоло ушбу коинотда учта олам яратди. Биринчи олам, унда фақат роҳат бўлади, азоб, ранжу, ғам бўлмайди, у эса жаннат оламидир. Жаннатга фақат Аллоҳ таолони фазли ила етилади. Амин. У ерда фақат роҳат кетидан роҳат, ором ортидан ором бўлади. Ва бу оламни мутлоқ акси бўлган бошқа бир олам бор, унда фақат азоб кетидан азоб, ғам ортидан ғам ва зарар ортидан зарар етади, хурсандчиликдан эса ном-нишон ҳам бўлмайди. Унинг номи жаҳаннам оламидир. Аллоҳ таоло ҳаммамизни ҳам, у ерга киришликдан ўзи сақласин. Амин. Учинчи олам эса юқоридаги икки оламдан таркиб топган бўлиб, унда хусандчилик ҳам, ғам ҳам бўлади, роҳат ҳам, азоб ҳам бўлади. Бу эса, биз яшаётган дунё оламидир. Ушбу дунё деб аталган оламда инсон, ҳаётим давомида бирор қийинчиликка дуч келмадим ёки бирор хурсандчилик ёки роҳат кўрмадим, деб айта олмайди. Бу ерда ҳар бир хурсандчилик замирида, ғамнинг тирнаши ва ҳар бир қийинчилик замирида эса роҳат яшириб қўйилгандир. Қийинчиликсиз роҳат ҳам ва роҳатсиз қийинчилик ҳам бўлмайди.

Ҳақиқий неъмат кимга насиб қилади?

Аллоҳ таоло ўзининг ҳикматига мувофиқ борлиқ оламни яратиб, бу оламда кимгадир бир неъматни бериб, кимгадир эса бошқа бир неъматни берди. Аллоҳ таоло бир инсонга мол ва давлат неъматини бериб, унинг муқобилида бошқа бир инсонга саломатлик неъматини эҳсон қилди. Энди бадавлат киши, етти мучали соғ бўлган саломат инсонга, нега бу соғ-саломат юради? деб ҳасад қилади. Ва саломат киши эса, бадавлат инсонга, шунча молу, давлат унга қаердан келди?, дея ҳасад қилади. Ҳақиқатда эса бу Аллоҳ таолонинг тақдири ва унинг ҳикматига биноан қилинган ҳукмдир. Ва бу дунёда бирор киши бошқа бир киши борасида, у тўлиғ-мукаммал роҳат ва фароғатда ҳаёт кечирмоқда, дея олмайди. Чунки зоҳиран, бир кишини ҳамма корхоналари бир текисда ишлаётган, қаср қилиб қурилган уйлари, турли-туман машиналари, хизматкорлари ва дуёнинг ҳамма айш-ишрат асбоблари муяссардек кўзга ташланади. Ва бошқа тарафда эса, бир мардикор саҳардан, шомгача тош майдалаб қийинчилик билан бир амаллаб қорнини тўйғазади. Энди ушбу мардикор, бадавлат инсонни кўриши билан, у дуёнинг каттадан-катта неъматларига эга экан деб, ўйлаши мумкин, лекин шу билан бирга ушбу икки тоифадаги инсонлар ҳаётига яхшилаб разм солсак, қўша-қўша уйлари, қасрлари, турли хил машиналари, беҳисоб мол-у давлати, ва айш-ишрат асбобларига эга бўлган кишини эсл ҳоли бизга маълум бўлади. Негаки, ушбу ўзига тўқ, ҳеч нарсага муҳтож бўлмаган инсон ёстиққа бош қўйиши билан дарҳол уйқуси келмайди, балки ухлаш учун уйқу дори ичишга мажбурдир. Ва унинг дастурхонида турли анвойи ва лаззатли таом ва мевалар бўла туриб, лекин ошқозонида яра борлиги ва докторни , фалон нарсани ейиш мумкин ва фалон нарсаларни эса ейиш мумкин эмас , деб чекловлар қўйгани сабаб бир, икки луқма таомни ҳам ўйлаб тановул қилади. Энди айтингчи, олдида дунёнинг ҳамма буюмлари мавжуд бўла туриб, уйқу ва таомдан маҳрум бўлган киши зиёда роҳат топа оладими? Яна бир камбағал ишчи инсон, саккиз соатлаб мардикорлик қилгандан кейин, қорни очган ҳолда суви қочиб қотган нонни лаззат ва ҳаловат ила тановул қилади ва ёстиққа бошини қўйиши билан уйқу уни ўз оғушига олиб , камида саккиз соат роҳатланиб дам олгандан сўнг уйқудан уйғонади. Айтингчи, ушбу икки инсондан қайси бири роҳат топди? Ҳақиқий роҳат қай бирига насиб қилди? Агар яхшилаб ўйлаб кўрсак, Аллоҳ таоло аввалги шахсга ҳақиқатдан ҳам дунё матоларини инъом қилган, лекин ҳақиқий роҳат билан иккинчи шахсни мукофотлагандир. Бунинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг ҳикматидир.

Ризқ бир неъмат , таомланмоқ эса алоҳида неъматдир

Отам, Аллоҳ таоло у кишини раҳматига олиб, даражаларини юқори қилсин. Амин. Бир марта бизга таомлангандан сўнг айтиладиган ушбу ҳадиси шарифни ўқиб эшиттирдилар:

Яъни, мени ушбу таом ила таомлантирган ва мени ҳаракатим ва қудратимсиз бу ризқни менга ато қилган Аллоҳ таолога шукр бўлсин . Ким таомдан сўнг ушбу дуони ўқиса, Аллоҳ таоло унинг аввалги ҳамма (кичик) гуноҳларини мағфират қилади, дедилар.

Шундан сўнг отам, ушбу ривоятда Расуллуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам икки сўзни алоҳида-алоҳида зикр қилдилар, деб айтдилар. Биринчиси ризқлантирди ва иккинчиси эса мени таомлантирди сўзлари, яъни Аллоҳ таоло менга ризқ берди ва ушбу таом ила таомлантирди. Ушбу ҳадисдаги иккита сўзни маъноси битта бўлса, унда нега уларни алоҳида зикр қилиш керак? Биргина лафз билан ифода қилинса бўлмасмиди?, деган савол пайдо бўлади. Отам у кишини Аллоҳ ўз раҳматига олсин, ушбу икки иш бошқа-бошқадир , дея жавоб бердилар. Негаки, ризқни ҳосил бўлиши мустақил неъмат бўлса ва ризқни емоқ эса мутлоқ бошқа неъматдир. Бунинг сабаби шуки, баъзи пайт ризқ деган неъматни инсон ҳосил қилади, масалан, бир кишини хонадонида танқис таомлар муҳайё ва ҳар турли мевалар ҳам мавжуд, лекин уларни емоққа у ботина олмайди. Негаки, ошқозонини хасталиги ва докторларни парҳезга буюришлари, уни бундан чегаралаб қўйган бўлади. Бу ўринда ризқлантирди, деган гап ҳосил бўлмоқда, лекин таомлантирди сўзи ҳосил бўлмаяпди. Аллоҳ таоло бу инсонга ризқни берди, афсуски таомланишга салоҳият ва ҳазм қилишга қувват ато қилмади. Ҳар ҳолда ҳам бу ишда Аллоҳ таолони ҳикматлари борки, кимгадир бир неъматни берса, бошқага эса мутлоқ бошқа неъматни инъом қилади.

Аллоҳ таолонинг ҳикмати

Ҳасаднинг муолажаси шуки, ҳасад қилгувчи ушбу тарзда фикр юритмоғи лозимдир. Масалан; бирор киши каттароқ неъматга эришмоғи ила унга нисбатан дилингизда афсус ёки ачиниш пайдо бўлган вақтда, Аллоҳ таоло унга бермай фақат сизга берган неъматлар ҳақида фикр юритинг. Яна Аллоҳ таоло ундан кўра сизни соғлом қилган ёки ҳусни жамолни сизга зиёдароқ берган бўлиши мумкин ёки Аллоҳ унга бермаган неъмат билан сизни сийлаган бўлиши мумкин, шулар ҳақида фикр юритинг. Негаки бу неъматларни тақсимлашда, инсонни ақли етмайдиган Аллоҳ таолонинг ҳикматлари бордир. Ушбу гаплар устида фикр юритмоқ билан ҳасад касаллиги енгиллашади.

Урду мақол

Урду халқида, Аллоҳ таоло кал кишига тирноқ бермади деган машҳур бир мақол бор. Ушбу ҳакимона мақолни маъноси шуки, аслида сизга молу, давлат деган неъмат насиб қилмаган бўлса, фаразан сиз шунга эришдим деб тасаввур қилинг. Энди сиз билмайсизки, уни сабабидан қандай фасод келиб чиқиши ва сизни қандай азобга мубтало қилиши ва сизни қай тарзда беқадр қилиб, қиёматда савол-жавобингиз қандай бўлишини билмайсиз. Хуллас, агар Аллоҳ таоло бу неъматни сизга бермаган бўлса, ўз ҳикматига кўра раво кўрмагандир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

Аллоҳ баъзингизни баъзингиздан афзал этган нарсаларни (ҳасад ила) орзу этманг. ( Нисо сураси 32-оят)

Аллоҳ таоло ушбу оятда Орзу этманг демоқда, нега? Негаки бу бойлик сизга насиб қилган тақдирда ҳам, унинг ортида қандай фасодлар яшириниб ётганини тасаввурингизга ҳам сиғдира олмайсиз. Албатта, сиз фалон киши орзу қилган нарсасига эришибди, лекин у неъмат унга фойда келтириш ўрнига аксинча зиён келтирибди, деган гаплар ҳойнаҳой қулоғингизга чалинган. Шунинг учун энг аввал биров эришган неъматга дилингиз куяётган бўлса, ушбу сўзлар устида фикр юритмоғингиз лозим: 1) Бу иш Аллоҳ таолони тақдирига эътироздир. 2) Яна ушбу иш Аллоҳ таолони ҳикматидан бехабарлик натижасидир. 3) Аллоҳ таоло унга насиб қилмаган неъматни сизга берган бўлиши мумкин.

Сизга берилган неъматларни кўздан кечиринг

Ҳамма бало инсон ўзига боқиш ўрнига бошқалар тарафга қарашликлиги туфайли келиб чиқади. Инсон ўзида мавжуд бўлган неъматларга диққат ва эътиборини қаратмайди ва Аллоҳ таоло берган неъматлар шукрини адо ҳам қилмайди, лекин бошқаларга берилган неъматларга қарашлиги ва уларни айбини тафтиш қилиши оқибатида ўзини айбу, нуқсонлари тарафига қарашни эсдан чиқаради. Агар инсон ҳар сония унинг устидан Аллоҳ таоло ёғдириб турган неъматларни хаёлидан ўтказиб турса, қай ҳолатда бўлса ҳам ҳеч қачон бировга ҳасад қилмайди. Негаки, бу ишдан сўнг Аллоҳ таоло устингиздан шундай неъмат ёмғирларини ёғдарадики, тонгдан то шомгача неъматлар ёмғири остида қолиб кетасиз. Агар сиз шундай фикр юритсангиз, бошқаларга берилган неъматга ҳеч қачон ҳасад кўзи билан қарамайсиз.

Ҳамиша ўзингиздан пастга қаранг

Бугунги жамиятимизда одамлар бошқаларни тафтиш қилишга қизиқишлари ортиб кетди. Масалан, фалон кишига пул қандай ва қай йўл билан келар экан? У қандай уй қурибди? Қанақа машина сотиб олибди, ўзини ҳолати қандай экан? , дея бирма-бир ҳар бирини таҳлил қиламиз. Ушбу тафтиш ва текширувлар натижасида, вақти-ки сизда мавжуд бўлмаган чиройли ва дилкаш нарсага дуч келсангиз, бундан ҳасад пайдо бўлмай нима ҳам ҳосил бўлсин. Шунинг учун юқорида зикри ўтган ҳар бир киши ёдида тутиши лозим бўлган гапни эслатиб ўтмоқчиман: Дунё муомаласида ҳамиша ўзингиздан патсга қаранг ва дин муомаласида эса ҳамиша ўзингиздан юқорига қаранг

Абдуллоҳ ибни Муборак ва роҳат

Чунончи, Абдуллоҳ ибни Муборак раҳматуллоҳи алайҳ ҳаётларини ҳикоя қилиб айтадилар: Мен бир узоқ муддат молдорлар маҳалласида яшаб, уларнинг мажлисларида кўпинча бирга ҳамсуҳбат бўлардим. Ўша замонлар мендан кўра зиёда ғамгин ва ранжида киши йўқ эди. Негаки, кимни кўрсам унинг кийими меникидан кўра яхши, улови эса менинг уловимдан аъло ва ҳовлиси менинг ҳовлимдан ҳашаматли кўринарди, бунинг натижасида эса у шундай неъматга эришибди, менга нега бундай неъматлар ҳосил бўлмайди, деб ҳамиша ғамга мубтало бўлардим. Шунинг учун ўша пайтлар мендан кўра зиёда ғамгин инсон йўқ эди. Лекин бундан сўнг дунёвий тарафдан кам таъминланган ва обрў, эътибори кам бўлган кишилар маҳалласида яшашни ихтиёр қилдим ва улар билан ҳамсуҳбат бўлдим. Ушбу маҳалланинг муҳити аввалги яшаган маҳалламни мутлоқ акси бўлгани сабаб, мен ором ола бошадим.Негаки, кимни кўрсам, менинг либосим уникидан кўра яхши, менинг уловим унинг уловидан аъло, ҳовлим эса,унинг ҳовисидан яхшироқлиги назарга ташланар эди. Шунда қилиб, бунинг натижасида Аллоҳ таоло менинг қалбимга роҳатни ато қилди.

Хоҳиш ва истаклар ҳеч қачон тугамайди

Ёдингизда тутинг, агар бирор инсон дунё матоларини жамлашда ҳаммадан ўзиб кетган бўлса ҳам, ҳаргиз унинг охирига етолмайди. Ушбу ўткинчи дунёнинг энг бой кишисидан, сиз ҳамма нарсага эришдингизми? Сиз эндиликда ҳеч нарсани истамасангиз керак?, деб сўралса. Жавобида, бўлса яна истардим , дейди ва бойлигига устига яна бойлик қўшилиши фикрида туради. Бу дунё ҳақида бир араб шоири ниҳоятда ҳакимона гап айтган.

Яъни, бугунгача бу дунёдан ҳеч кимни қорни тўлмади. Қачон бир орзуга эришсангиз, унинг ортидан бошқа бир орзу пайдо бўлади. Ҳар истак, бир янги хоҳишни келтириб чиқаради ва ҳар ҳожат эса бошқа ҳожатни дунёга келтиради.

Manba: azon.uz

Киритилди: 21:30 30.04.2019. Ўқилди: 5776 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!