Йиғилишда ёшларнинг бўш вақтини самарали ташкил қилиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Бугунги кунда туманларда "Баркамол авлод" мактаблари, 14 та ҳудудда "Ёшлик" спорт жамияти ва Республика ўқувчи ёшлар маркази бор. Лекин 219 та "Баркамол авлод" мактаби 350 минг болани қамраб олган, холос.
Эндиликда "Баркамол авлод" мактаблари, "Ёшлик" спорт жамияти ва Ўқувчи ёшлар маркази ягона тизимга бирлашиши белгиланди.
Бу марказлар тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, замонавий, креатив йўналишлар асосида жиҳозланади. Уларда хорижий тилларни ўқитиш, сунъий интеллект, дастурлаш ва анимация каби янги тўгараклар очилади.
Ўқувчилар ўртасида туризмни ривожлантириш бўйича ҳам янги тизим бўлади.
Қорақалпоғистон, Хоразм, Самарқанд, Бухоро ва пойтахтдаги "Баркамол авлод" марказларида камида 100 ўринли "Болалар сайёҳлик базаси" ташкил қилинади.
Мутасаддиларга қизиқарли туризм тўпламларини қилиб, ҳар йили 1 миллион ўқувчини Ўзбекистон бўйлаб саёҳатга жалб қилиш топширилди.