Исроил 600 дан ортиқ фаластинлик маҳбусларни озод қилишни бекор қилди .
“Хамас” террорчилик гуруҳи жангарилари беш нафар исроиллик гаровга олинганларни Қизил Хоч ташкилоти ходимларига топширди, дея хабар бермоқда The Times of Israel.
Бу сафар гаровга олинганларни ўтказиш турли жойларда амалга оширилди. Жангарилар дастлаб Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрида 39 ёшли Тал Шоҳам ва 38 ёшли Авер Менгистуни топширган.
Яна уч нафар гаровга олинганлар – 27 ёшли Элия Коэн, 23 ёшли Омер Венкерт, 22 ёшли Омер Шем-Тов Ғазо сектори марказидаги Нусейрат қочқинлар лагерьидаги Қизил Хоч ишчиларига топширилди.
22 февраль куни Хамас охирги марта 2015 йилдан бери асирликда бўлган Ҳишом ал-Саидни Исроилга топширган эди.
Авера Менгисту ва Ҳишам ал-Саид ўн йилдан кўпроқ вақт давомида ҲАМАС томонидан асирда бўлган, қолган тўрт нафари эса 2023 йил 7 октябрьда террорчилар томонидан қўлга олинган. Менгисту ва ал-Саидга руҳий касалликлар ташхиси қўйилган. Улар Исроил ва Ғазо сектори ўртасидаги чегарани 10 йил аввал қўлга олишдан аввал ўзларича кесиб ўтган.
Улар Хамас Исроил билан тинчлик келишувининг биринчи босқичи доирасида озод қилишга ваъда берган 33 нафар гаровга олинганларнинг охиргиси. Исроил 22 февраль куни алмашинув доирасида 602 фаластинлик маҳбусни қамоқдан озод қилиши керак эди, бироқ Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняху 23 февраль куни уларни озод қилишни тўхтатганини эълон қилди.
“ХАМАС томонидан такрор-такрор қонунбузарликлар, жумладан, гаровга олинганлар қадр-қимматини камситувчи маросимлар ва гаровга олинганлардан ташвиқот мақсадида фойдаланиши сабабли, кеча [22 февраль] куни режалаштирилган террорчиларни озод этишни гаровга олинганларнинг навбатдаги озод этилиши кафолатланмагунча ва қадр-қимматини камситувчи маросимларсиз қолдиришга қарор қилинди”, — деди Исроил бош вазири.
Нетаняху бу баёнотни 600 дан ортиқ фаластинлик маҳбуслар ўзлари сақланаётган Офер қамоқхонасини тарк этиш учун аллақачон автобусларга ўтирганларидан кейин айтди. Кейинроқ уларни озод қилиш номаълум муддатга қолдирилаётгани айтилган.
Фаластин маъмурияти вакиллари маҳбусларни озод қилиш “кейинги хабарга қадар” қолдирилганини тасдиқлади. ҲАМАС Исроилни сулҳ битимини бузганликда айблади.
Исроил ва Хамас ўртасида ўт очишни тўхтатиш келишуви январь ойи ўрталаридан бери амалда. Келишувнинг биринчи босқичида ХАМАС 33 нафар исроиллик гаровга олинганларни, Исроил эса 1900 дан ортиқ фаластинлик маҳбусларни қамоқхоналардан озод қилиш ва Ғазо секторидан чиқиб кетишни бошлаш мажбуриятини олди.