🕌 Ҳар йили мамлакатимиз фуқароларининг муқаддас Ислом динининг асосий фарзларидан бири ҳисобланган Ҳаж амалини хавфсиз ва тўла-тўкис адо этишлари учун республика ҳукумати томонидан барча шарт-шароитлар яратиб берилади.
“Ҳаж” тадбири Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж вазирлиги ўртасида ҳар йили имзоланадиган шартнома асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан амалга оширилади.
Лекин, айрим шахслар ишонувчан фуқароларни алдаб, катта пул эвазига уларни Саудия Арабистонига олиб бориш бўйича турли хил шубҳали таклифларни билдиришлари ҳам кузатилади.
Жумладан, Наманган шаҳрида яшовчи, 1984 й.т. шахс Чуст туманида истиқомат қилувчи 4 нафар фуқарони “Ҳаж-2026” мавсумида ислом динининг асосий фарзларидан бирини адо этиш учун ноқонуний йўллар билан Саудия Арабистонига юбориш эвазига 26 минг АҚШ доллари талаб қилади.
ДХХ ва ИЖҚКД ходимлари ҳамкорлигида Чуст туманида ўтказилган тезкор тадбирда, у сўралган пул маблағидан 6 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.