Саудия Арабистони Ички ишлар вазирлиги Ҳаж маросимлари бошланиши арафасида «Рухсатсиз ҳажга йўл қўймаслик» кампанияси доирасида Ҳаж қоидаларини бузган 75 мингдан ортиқ кишини ҳибсга олди.
Жамоат хавфсизлиги бош директори, генерал-лейтенант Муҳаммад ал-Бассамий Маккага кириш учун ҳақиқий рухсатномага (Ҳаж визаси) эга бўлмаган 269 мингдан ортиқ киши орқага қайтарилганини ва қарийб 76 минг қоидабузар ҳибсга олинганини тасдиқлади. Энди уларни депортация, жарима ва 10 йил давомида мамлакатга киришининг тақиқланиши каби жазо чоралари кутмоқда.
Ал-Бассамий сўзларига кўра, шунингдек, 252 та сохта Ҳаж ширкати, 1239 та қоидабузар ташувчи аниқланган, қарийб 110 мингга яқин транспорт воситаси талабга жавоб бермаслиги туфайли Маккага киритилмаган.
Муқаддас қадамжолар хавфсизлигини таъминлаш учун барча техник ва инсоний имкониятлар, жумладан дронлар, кузатув камералари, сунъий интеллект ёрдамида маълумотларни таҳлил қилиш каби имкониятлар ишга туширилганини таъкидлаб, «ким хавфсизликни ёки кўрсатмаларни бузишга ҳаракат қилса, унга шафқатсиз қатъий чоралар кўрилади», деди у.
Паспорт хизматлари бош директори вазифасини бажарувчи генерал-майор Солиҳ Ал-Мурабба 1 июнь ҳолатига қиролликка келган зиёратчилар сони 1 млн 475 минг 230 нафарга етганини маълум қилди.
Вазирлик ҳаж хизматларини кўрсатувчи компаниялар меҳмонлар хавфсизлигини таъминлаш ва Ҳаж зиёратини бемалол бажариши учун барча кўрсатмаларга риоя қилиш муҳимлиги ҳақида хабардор этиши зарурлигини таъкидлади.