UFC собиқ чемпиони, россиялик Ҳабиб Нурмагомедов стюардесса билан тортишиб қолгани учун АҚШда самолётдан тушириб юборилди. Бу ҳақда Essentially Sports хабар берди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода Нурмагомедов самолётнинг фавқулодда чиқиш эшиги ёнида ўтиргани кўринади. Стюардесса ундан фавқулодда вазият юзага келганда бошқа йўловчиларга ёрдам бера оладими, деб инглиз тилида сўраган.
Нурмагомедов саволни дарров тушунмади ва ундан бошқа ўриндиққа ўтиришни сўрашди. Аммо у рад жавобини берди. Кейин стюардесса унга супервайзерга қўнғироқ қилишини ва самолётдан туширилишини айтди.
Нурмагомедов стюардессанинг талабларини адолатсиз деб атади, чунки рўйхатдан ўтиш вақтида ундан инглиз тилини билиши ҳақида сўрашган эди.
Якунда Нурмагомедов ўрнидан туриб, супервайзерга эргашишга мажбур бўлди, унинг ҳамроҳлари ҳам ўрнидан туриб, жавондан багажларини олиб кетишди.
18 январ куни Лос-Анжелесда 2025 йилги UFC марказий турнирларидан бири бўлиб ўтиши режалаштирилган. Унда Нурмагомедов жамоаси жангчилари ҳам чиқиш қилиши лозим.