Американинг Google технология компанияси яқин тўрт йил ичида Германиядаги лойиҳаларга 5,5 миллиард евро сармоя киритмоқчи.
Бу ҳақда компаниянинг Германиядаги операциялари раҳбари Филипп Юстус баёнотига таяниб, Der Spiegel журнали хабар берди.
Хусусан, маблағлар Гессеннинг Дитценбах шаҳрида янги маълумотлар марказини қуриш ва Ханауда (шунингдек Гессенда) мавжуд маълумотлар марказини кенгайтиришга йўналтирилиши режалаштирилган. Google шунингдек, Берлин, Мюнхен ва Франкфурт-на-Майнда ўз фаолиятини кенгайтиради. Компания маълумотларига кўра, бу Германиядаги энг йирик инвестиция дастуридир. У 2029 йил охиригача Германияда ҳар йили тахминан 9000 иш ўрни яратишни режалаштирмоқда.
Googleнинг режаларини Германия канцлери Фридрих Мерц ижтимоий тармоқдаги постида олқишлади. Унинг сўзларига кўра, бу Германия "дунёдаги энг жозибадор инвестиция жойларидан бири бўлиб қолаётганини" кўрсатади.