Ҳомиладорлик – бўлғуси она ҳаётидаги энг қийин даврлардан бири. Сабаби бу пайтда аёл организмида физиологик ўзгаришлар билан бирга, гўдакнинг соғлом туғилишига тўсқинлик қилувчи турли омиллар юзага келади.
▶️ Хусусан, бачадон баланд тонуси оқибатида ҳомиланинг тушиш хавфи кузатилиши мумкин.
🖇 — Бачадон – силлиқ мушакли аъзо бўлиб, унинг толалари тез-тез қисқариб туради, — дейди Республика перинатал маркази директори Нилуфар Ўринбоева. — Бироқ ҳомиладорлик даврида улар қисқармаслиги, аксинча бўшашган ҳолда бўлиши лозим. Агар бундай ҳолат кузатилмаса, бачадон бўшлиғида босим ҳосил бўлиб, гипертонус юзага келади.
🔬 Юқори тонус оқибатида ҳомиланинг тушиш хавфи кузатилиши ёки туғуруқ муддатидан олдин бошланиши мумкин. Шу билан бирга, узоқ муддатли гипертонус оғир асоратларни келтириб чиқаради.
🩺 Хусусан, бачадон қон томирларининг торайиши туфайли йўлдошда қон айланиши бузилиб, ҳомилада гипоксия (кислород етишмовчилиги) ёки гипотрофия (ўсишдан ортда қолиш) ҳолатлари келиб чиқади.
🤰Бачадон гипертонуси рўй берганда қориннинг пастки қисмида ҳамда бел соҳасида тортилувчи оғриқлар пайдо бўлиши, қов соҳасида оғирлик сезилиши, қорин соҳасига қўл билан тегилганда қаттиқлашиб, худди “тош қотган”дек ҳиссиёт пайдо бўлиши мумкин.
Ушбу ҳолат асосан қуйидаги сабабларга кўра юзага келади:
📌 эндокрин бузилишлар;
📌 ҳомила тўқимасидаги генетик ўзгаришлар;
📌 ўткир шаклда кечадиган вирусли инфекциялар (қизилча, қизамиқ, грипп);
📌 турли соматик касалликлар (пиелонефрит, цистит, ошқозон-ичак хасталиклари);
📌 иммун тизими фаолиятидаги бузилишлар;
📌 стресс ва қаттиқ асабийлашиш;
📌 чаноқ бўшлиғи аъзоларидаги яллиғланишлар ва жинсий йўл орқали юқадиган хасталиклар;
📌 кучли жисмоний зўриқишлар;
📌 ҳомила ҳажми йириклиги, қоғоноқ суви кўплиги, токсикоз ва бошқалар.
‼️ Бачадон гипертонусининг ўткир шакли кузатилганда дарҳол шифокорга мурожаат қилиш лозим. Сабаби бундай беморлар шифохонада мутахассис назорати остида даволанишлари керак.
🥗 Ҳомиладорлик даврида тоза ҳавода сайр қилиш, хуш кайфиятда юриш, ўз вақтида тўлақонлик дам олиш, оғир жисмоний меҳнатлардан тийилиш, витамин ва минералларга бой бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини тановул қилиш бачадон тонус ошишининг олдини олишга катта ёрдам беради.