Тиббиёт ходимларининг асосий вазифаси одамларни даволаш эканлиги ҳаммага маълум. Aммо тиббиёт ходимлари одамларни даволаш билан бирга касалликнинг келиб чиқиш сабабларини, ана шу сабабларни бартараф этиш чора-тадбирларини ҳам билишлари лозим.
Бундай билимни улар гигиена фани орқали эгаллайдилар. Гигиена юнонча сўз бўлиб, hygicinos — соғлом деган маънони англатади.
Гигиена инсон вужуди ва фаолиятини ташқи муҳит билан узвийликда ўрганади ва ташқи муҳит соғлом бўлмай туриб, инсон соғлиғини таъминлаб бўлмайди, деб ўргатади.
Ташқи муҳит деганда табиий ва ижтимоий шароитлар белгилайдиган омиллар мажмуи — ер, сув, ҳаво, озиқ-овқат ва шу кабилар тушунилади.
Инсон организмига табиатда бетўхтов содир бўлиб турадиган кимёвий, биологик, радиоактив омиллар ўз таъсирини кўрсатади, аммо инсонга табиатнинг ўзи ато этган табиий мосланувчанлик хусусияти бундай таъсирларга қарши туриб, касаллик пайдо бўлишига йўл қўймайди.
Гигиена фани ташқи муҳит омилларининг инсон организмига таъсирини тадқиқ қилиб, олинган маълумотлар асосида ташқи муҳитни, инсон яшайдиган ва меҳнат қиладиган шарт-шароитларни яхшилаш, инсон соғлиғини мустаҳкамлашнинг меъёр ва қоидаларини, юқумли касалликларнинг олдини олиш чора-тадбирларини ишлаб чиқади.