«Ҳарбий нуқтаи назардан Эрон билан деярли иш тугади», — деди Трамп Оқ уйда журналистлар билан суҳбатда.
Унинг таъкидлашича, Теҳрон Вашингтон билан алоқаларни давом эттирмоқда ва ҳозирча янги ҳарбий операциялар ўтказишга катта эҳтиёж йўқ. Бироқ АҚШ ҳарбий кучлари тўлиқ жанговар шайлик ҳолатида қолмоқда.
Шу билан бирга, уруш якунланиши мумкинлиги ҳақидаги баёнотларга қарамай, АҚШ Эронга нисбатан денгиз блокадасини давом эттирмоқда. Блокаданинг асосий мақсади Эрон нефти экспортига тўсқинлик қилишдан иборат. Айни пайтда минтақада минглаб америкалик ҳарбий хизматчилар жойлашган.
Трампнинг айтишича, АҚШнинг Яқин Шарқдаги иттифоқчилари, жумладан, Саудия Арабистони, Қатар ва Бирлашган Араб Амирликлари ҳам мавжуд вазиятни сақлаб қолиш тарафдори.
Америка президенти Вашингтоннинг асосий мақсади Эроннинг ядровий дастурини узоқ муддатга тўхтатиш эканини таъкидлади.