Бу ҳақда DPA агентлиги маълум қилди.
Агентлик манбаларига кўра, Германия Федерал прокуратураси 25 август куни АҚШ фуқаросига Хитой фойдасига жосуслик қилганлик айбловини қўйди. Мартин Д. Хитой разведкасига Қўшма Штатларнинг ҳарбий инфратузилмасига оид “махфий маълумотларни” таклиф қилганликда гумон қилинмоқда.
"Гумонланувчи 2017 йилдан 2023 йил бошигача АҚШ Мудофаа вазирлиги билан ишлайдиган пудратчи фирмада фаолият юритган. У 2020 йилгача Қўшма Штатларнинг Германиядаги ҳарбий базасида турли вазифаларни бажарган", дейилади баёнотда.
Германия прокуратураси маълумотига кўра, 2024 йил ўрталарида Мартин Д. Хитой давлат тузилмалари билан боғланган ва уларга АҚШнинг махфий ҳарбий маълумотларини таклиф қилган, бироқ реал маълумот узатилмаган.
DPA агентлигининг қайд этишича, эркак ўз иш берувчисидан норози бўлган, аммо бу жосуслик учун сабаб бўлгани ёки йўқлигини тергов аниқлайди. Мартин Д. 2024 йил ноябрида қўлга олинган, полиция унинг Франкфуртдаги квартирасида тинтув ўтказган. Шундан бери у тергов ҳибсхонасида сақланмоқда.