Германиянинг Конституцияни ҳимоя қилиш федерал идораси (аксил-разведка агентлиги) Германиянинг ўта ўнгчи "Германия учун муқобил" (AfD) партиясини экстремистик деб топди.
"Қочқинлар ва муҳожирларга қарши давом этаётган тарғибот бу гуруҳ одамларга нисбатан хурофот, нафрат ва қўрқувни ёйиш ва чуқурлаштиришга хизмат қилади”, — дейилади контрразведка баёнотида.
Баёнотда қайд этилишича, AfD мусулмон давлатларидан ҳижрат қилган Германия фуқароларини жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзолари сифатида тан олмайди. Партия уч йил давомида текширувдан ўтказилди. AfD вакилларининг баёнотлари ва хатти-ҳаракатлари, жумладан, уларнинг ўнг қанот экстремистик гуруҳлар билан алоқалари ўрганилди. Охирги учта штат парламенти (Ландтаг) сайловлари бўйича сайлов кампанияси давомида партия фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Апрель ойи охирида ўтказилган сўров натижаларига кўра, “Германия учун муқобил” респондентларнинг 26 фоизи қўллаб-қувватлаган ҳолда Германиядаги энг оммабоп сиёсий кучга айланди. Бу партияни қўллаб-қувватлашнинг рекорд даражасидир. Февраль ойида Бундестагга муддатидан олдин сайловлар бўлиб ўтди, унда AfD 20,8% овоз билан тарихда биринчи марта иккинчи ўринни эгаллади. Сайловда Христиан-демократик ва христиан-социал иттифоқлар блоки ғалаба қозонди.