Исроиллик асирларнинг оила аъзолари ва фаоллар Бош вазир Биньямин Нетаняҳунунг Қуддусдаги уйига йиғилиб, Ғазода қамал остида сақланаётган яқинларини озод қилиш учун Ҳамас билан маҳбуслар алмашуви келишувини талаб қилдилар.
Haaretz нашрига кўра, Қуддуснинг Ғазо кўчасида бўлиб ўтган митингда 200 га яқин киши иштирок этди.
Митингда сўзга чиққан исроиллик асирнинг отаси Майкл Илоз Нетаняҳу ва унинг рафиқаси Сарани “ёлғончиликда” айблаб, уларни доимий норозиликлар билан таъқиб қилишини билдирди.
Ром Бреславскийнинг отаси Офер ҳам Нетаняҳуга мурожаат қилиб, “қўлларингиз қонга бўялган” дея танқид қилди. Асир аскар Матаннинг онаси Анат Энгерст эса Сара Нетаняҳудан инсонпарварлик кўрсатиб, эрига таъсир ўтказишни сўради.
Озод қилинган асир Арбел Йехуднинг отаси Йечай Йехуд ҳам бош вазирни Ғазодаги асирларнинг тақдири ва аскарларнинг ўлими учун жавобгар деб ҳисоблашини таъкидлади.
Исроил расмийлари маълумотига кўра, Ғазода ҳозирда 48 нафар исроиллик асир сақланмоқда, улардан 20 нафари тирик бўлиши тахмин қилинмоқда.