Бугун 11 октябрь, 2026 йил, якшанба

O'ZB

Ғазо секторидаги вайронагарчиликлар оқибатида етказилган зарар 77 миллиард доллардан ошди

Ғазо секторидаги вайронагарчиликлар оқибатида етказилган зарар 77 миллиард доллардан ошди

Инфратузилманинг вайрон бўлиши, сувнинг ифлосланиши ва ўнлаб миллион тонна қурилиш чиқиндиларининг тўпланиши фаластинликлар саломатлиги ҳамда ҳудудни тиклаш жараёнига жиддий хавф туғдирмоқда.

Ғазо сектори инфратузилмаси ва атроф-муҳитига етказилган умумий моддий зарар 77 миллиард доллардан ошди. Бу ҳақда Хон Юнус муниципалитетининг соғлиқни сақлаш ва атроф-муҳит департаменти директори Умар Муҳаммад Матар маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ҳарбий ҳаракатлар оқибатида анклавдаги ҳаётий муҳим инфратузилманинг катта қисми вайрон бўлган. Сув таъминоти ва канализация тармоқлари, сув омборлари ҳамда насос станцияларининг 80 фоиздан ортиғи шикастланган ёки бутунлай ишдан чиққан.

Ғазо секторида вайрон бўлган бинолардан қолган 60 миллион тоннадан ортиқ қурилиш чиқиндилари тўпланиб қолган. Матар таъкидлашича, улар орасида портламаган ўқ-дорилар ва заҳарли моддалар бўлиши мумкин. Бу эса атроф-муҳит ва маҳаллий аҳоли саломатлиги учун хавф туғдиради.

Сув ресурсларининг ифлосланиши алоҳида ташвиш уйғотмоқда. Канализация тизимларининг шикастланиши оқибатида тозаланмаган оқова сувлар Ўрта Ер денгизига оқиб тушмоқда. Ҳожатхоналар учун махсус чуқурлардан фойдаланиш эса аҳолини сув билан таъминлашнинг асосий манбаларидан бири бўлган ерости сувларининг ифлосланишига олиб келмоқда.

Қишлоқ хўжалигига ҳам жиддий зарар етган. Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, 160 мингдан ортиқ дунам қишлоқ хўжалиги ерлари, яъни қарийб 160 квадрат километр майдон зарар кўрган. Хон Юнус шаҳрида деярли барча қишлоқ хўжалиги ерлари шикастланган. Қудуқлар ва сув омборларининг вайрон бўлиши, шунингдек, далаларда чодирли лагерларнинг ташкил этилиши озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш имкониятларини янада чекламоқда.

Матар, шунингдек, нафас йўллари касалликлари, онкологик касалликлар, туғма нуқсонлар ва ҳомила тушиши ҳолатлари кўпайганини маълум қилди. Унинг фикрича, бу ҳолатлар ҳарбий ҳаракатлар оқибатлари ҳамда ўқ-дорилар таркибидаги оғир металлар каби заҳарли моддаларнинг эҳтимолий таъсири билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бироқ ифлосланиш кўламини аниқлаш ва ушбу касалликлар билан унинг ўртасидаги сабаб-оқибат боғлиқлигини тасдиқлаш учун мустақил тиббий ва экологик тадқиқотлар ўтказиш зарур.

Муниципалитет вакилининг таъкидлашича, Ғазо секторини тиклаш учун вайроналар ва қурилиш чиқиндиларини тозалаш, сув таъминоти ҳамда канализация тизимларини қайта тиклаш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ерларини фойдаланишга қайтариш бўйича кенг кўламли ишлар талаб этилади.

Ушбу ишларни амалга ошириш учун халқаро молиявий ва техник ёрдам зарур.

Киритилди: 18:25 10.10.2026. Ўқилди: 1030 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!