Исроил кучларининг Ғазо секторида амалга оширган артиллерия ҳужуми натижасида икки фаластинлик ҳалок бўлди. Ҳужум Ғазо марказидаги Дайр ал-Балах шаҳрида рўй берди.
Соғлиқни сақлаш манбалари маълум қилишича, Исроил армияси Дайр ал-Балахнинг шарқий қисмидаги Кастал биноси атрофини артиллериядан ўққа тутган. Ҳужум натижасида икки фаластинлик ака-ука — Саид ва Масуд ал-Ғаваш ҳалок бўлган.
Маҳаллий манбаларга кўра, марҳумлар “сариқ чизиқ” деб аталувчи ҳудудни кесиб ўтишган. Ушбу чизиқ отишмаларни тўхтатиш келишувидан сўнг Исроил қўшинлари чекинган чегарани англатади. Бироқ ҳудудда чегарани белгилайдиган аниқ белгилари йўқлиги сабабли, улар хато равишда бу ерга кириб қолишган.
Исроил армияси бу турдаги ҳудудларга яқинлашган ёки тасодифан “сариқ чизиқ”ни кесиб ўтган фуқароларга, шу жумладан, фаластинлик тинч аҳоли ва транспорт воситаларига нисбатан оғохлантиришсиз ўқ очиши билан танилган.
— Ғазода сулҳ ва асирларни алмашиш келишуви
Аввалроқ, 9 октябрь куни АҚШ президенти Дональд Трамп Исроил ва ҲАМАС ўртасида Мисрда ўтказилган музокаралар натижасида Ғазо бўйича отишмаларни тўхтатиш режасининг илк босқичи бўйича келишувга эришилганини маълум қилган эди.
Келишув 10 октябрь куни Исроил ҳукумати томонидан маъқулланганидан сўнг кучга кирган ва шу куни соат 12:00 дан эътиборан амал қила бошлаган.
Шу билан бирга, отишмаларни тўхтатиш келишувига қарамасдан, Исроил армияси турли баҳоналар билан вақт-вақти билан фаластинлик аҳолига қарши ҳужумлар уюштиришда давом этмоқда.