Ғазо сектори кўчаларида талончилик ва зўравонликлар сони ортди. Шу билан бирга, жангарилар гуманитар ёрдам олишга уринаётган тинч аҳолига қарата ўт очади. Бу ҳақда Исроил мудофаа кучлари вакили Анна Уколова маълум қилди.
"Биз маълум бир тартибсизликнинг намоён бўлаётганини кўряпмиз. Қуролланган жангарилар гуманитар ёрдам тарқатиш пунктларига етиб боришга уринаётган тинч аҳолига қарата ўқ узаётганини кўрмоқдамиз", - деди Уколова.
"Al-Awsat" газетасининг ёзишича, минтақада қонунбузарлик даражаси ошиб бормоқда, жумладан, маҳаллий кланлар вакиллари ва жангарилар ўртасидаги талончилик ва қуролли тўқнашувлар содир бўлмоқда.
Ўз навбатида, "Al-Hadath" телеканали ХАМАС ҳаракати Ғазо сектори хавфсизлиги устидан назоратни бутунлай йўқотгани ҳақида хабар берди.
Ғазо сектори аҳолиси очлик ёқасида экани аввалроқ маълум қилинганди. БМТ маълумотларига кўра, икки миллиондан ортиқ одам хавф остида. Қолаверса, кордонлар орқали олиб кетилаётган инсонпарварлик ёрдами кучни сақлаб қолишга зўрға етади.