Бугун 19 сентябрь, 2025 йил, жума

O'ZB

Ғазо ҳукумати: Бир миллион шимолий ғазоликлар мажбурий кўчиришдан бош тортмоқда

Ғазо ҳукумати: Бир миллион шимолий ғазоликлар мажбурий кўчиришдан бош тортмоқда

Сўнгги ҳафталарда Исроилнинг кучайган ҳужумларига қарамасдан, шимолий Ғазо секторидаги бир миллионга яқин аҳоли мажбурий кўчирилишга рози бўлмаяпти, дейилади Фаластин анклави ҳукумати матбуот хизматининг баёнотида.

Баёнотга кўра, Исроил Ғазо шаҳри ва анклавнинг шимолий ҳудудларини босиб олиш учун аҳолини куч билан чиқариб юборишга ҳаракат қилмоқда.

“Ғазо ва минтақанинг жанубий қисмидаги бир миллиондан ортиқ фаластинликлар босқинчи Исроилнинг қонунсиз бомбардимон ва геноцид урушига қарамай, ўз уйлари ва ерларини тарк этмасликка қарор қилдилар”, — дейилади хабарда.

Рақамларга кўра, яқин вақтгача Ғазо ва шимолий ҳудудлар аҳолиси 1,3 миллиондан ошган. Шулардан 398 мингга яқини шимолий Ғазо аҳолиси бўлиб, кўпчилиги ғарбий ҳудудларга мажбурий кўчирилган.

Ғазо шаҳрида эса 914 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилган, уларнинг 350 мингга яқини шарқий маҳаллалардан чиқиб, марказ ва ғарбга ўтган.

Ҳисоботда қайд этилишича, сўнгги кунларда Исроилнинг шафқатсиз ҳужумлари сабабли 190 мингга яқин киши уйини тарк этган, шу билан бирга 15 мингдан ортиқ киши Ғазо шаҳрига қайтаётгани ҳам қайд этилган.

Хон Юнус яқинидаги Ал-Маваси маҳаллалари ва Исроил “гуманитар ва хавфсиз” деб атаган Рафа шаҳри 100 дан ортиқ ҳаво ҳужумларига учраган. Фақатгина Ал-Мавасига қилинган зарбалар натижасида 2000 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлгани маълум қилинди.

Шунингдек, ҳужумлар оқибатида шифохоналар, сув ва электр таъминоти, озиқ-овқат, уй-жой ҳамда таълим муассасалари йўқолгани учун бу ҳудудларда ҳаёт деярли имконияти йўқ даражага келиб қолгани таъкидланди.

“Исроил ‘хавфсиз бошпана’ деб белгиланган ҳудудларни аҳоли учун мажбурий равишда тайинлаяпти. Улар Ғазо сектори ҳудудининг 12 фоизидан ошмайди, аммо бу ерга 1,7 миллиондан ортиқ одамни жойлаштириш режалаштирилмоқда. Бу эса тизимли мажбурий кўчириш ва ‘концентрация лагерлари’ сиёсати ҳисобланади. Мақсад — Ғазонинг шимолини ва Ғазо шаҳрини аҳолидан тозалаш”, — дея хулоса қилди ҳукумат.

Киритилди: 14:57 17.09.2025. Ўқилди: 402 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!