The Telegraph хабар беришича, Британиянинг SAS, Австралия махсус кучлари, АҚШнинг SEAL бўлинмалари ва махсус полиция бўлинмалари собиқ ходимлари Европадаги хусусий ҳарбий тайёргарлик базаларида Россияликларни ўқитган бўлиши мумкин.
Нашр бу маълумотни Five Eyes альянси разведка ва махсус хизматлари учун тайёрланган ҳисоботга таянган ҳолда келтирган. Собиқ австралиялик махсус кучлар вакиллари Болгария ва Сербиядаги лагерларда шундай иш таклиф қилинганини билдирган.
Хусусан, Болгариядаги Alfa-Metal марказида Россияликларга, ҳатто Украина уруши бошланганидан кейин ҳам, яқин масофада жанговар ҳаракат олиб бориш бўйича илғор тайёргарлик берилган бўлиши мумкин.
Ҳисоботда Alfa-Metal Санкт-Петербургдаги «Альфа Регион» хусусий қўриқлаш ташкилоти билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги айтилган. Марказ эса Россия билан ҳар қандай алоқаси борлигини инкор қилган.