Ҳозирги Фаластин-Исроил можароси Фаластиннинг тан олиниши билан икки давлатнинг тинч-тотув яшаши асосида якунланиши керак. Бу ҳақда G7 гуруҳи (Катта еттилик) етакчиларининг Италиядаги учрашуви якунлари бўйича қабул қилинган баёнотида айтилади.
«Биз икки демократик давлат – Исроил ва Фаластин халқаро ҳуқуқ ва БМТнинг тегишли резолюцияларига мувофиқ хавфсиз ва тан олинган чегаралар доирасида ёнма-ён тинч-тотув яшаётган ҳолда, икки давлат асосидаги ечимга содиқлигимизни яна бир бор тасдиқлаймиз», дейилади ҳужжатда.
Унда «Ғазони Ғарбий соҳил [Иордан дарёси] билан Фаластин маъмурияти бошқаруви остида бирлаштириш муҳимлиги» таъкидланган.
G7 етакчилари «ўзаро тан олиш, жумладан [Исроил] вақти келганда Фаластин давлатини тан олиши ушбу сиёсий жараённинг муҳим таркибий қисми бўлади», деди.