G20 етакчилари Ғазо ва Ливандаги сулҳни қўллаб-қувватладилар ва Украинадаги можарони ҳал қилиш бўйича конструктив ташаббусларни олқишладилар.
Блокада қилинган Фаластин анклавидаги ҳалокатли гуманитар вазиятдан «чуқур хавотир» изҳор этган саммит иштирокчилари фуқароларнинг ўз уйларига хавфсиз тарзда қайтишига имкон берадиган оташкесимни бир овоздан қўллаб-қувватладилар.
«Биз инсонпарварлик ёрдами оқимини кенгайтириш ва тинч аҳоли ҳимоясини кучайтириш зарурлигини таъкидлаймиз ҳамда инсонпарварлик ёрдамини тўлиқ таъминлаш йўлидаги барча тўсиқларни олиб ташлашни талаб қиламиз», — дейилади декларацияда.
G20 етакчилари фаластинликларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини ва «Исроил ва Фаластин давлати хавфсиз ва тан олинган чегаралар ичида тинч-тотувликда ёнма-ён яшайдиган» икки давлат ечимига содиқлигини яна бир бор тасдиқлади.
Украинада 2022 йил февралидан бери 1000 кундан ортиқ давом этаётган можарога келсак, саммит иштирокчилари можаронинг глобал озиқ-овқат ва энергия хавфсизлиги, таъминот занжири, макромолиявий барқарорлик, инфляция ва ўсишга салбий таъсирини қайд этдилар.