Июл ойида бўлиб ўтган парламент сайловларида ғалаба қозонган “Янги халқ фронти” сўл қанот блоки таркибидаги “Бўйсунмас Франция” партияси мамлакат президентига қарши импичмент жараёнини бошлаш ташаббуси билан чиқди. Партия вакиллари бунга сабаб сифатида президент сўллар томонидан таклиф этилган номзод Люси Касетни бош вазир лавозимига тайинлашдан бош тортганлигини кўрсатган.
"Макрон сайловчиларнинг хоҳишига асосланган танловга бўйсунишдан бош тортмоқда, шунинг учун биз уни лавозимидан олиб ташлашимиз керак", — дея маълум қилди “Бўйсунмас Франция” парламент фракцияси раҳбари Матилдa Панот.
Бироқ, Франция президентига импичмент эълон қилиш тартиби бир неча босқичларни ўз ичига олади. Аввало, резолюцияни кўриб чиқиш учун қабул қилиш мумкин ёки йўқлиги тўғрисида қарор қабул қилиниши керак. Кейин ҳужжат Миллий ассамблея ва Сенатда овозга қўйилиши керак, шундан сўнг депутатлар ва сенаторларнинг қўшма йиғилиши ўтказилади. Импичмент учун резолюцияни парламент икки палатасининг 925 аъзосидан камида 617 нафари қўллаб-қувватлаши керак.