Францияда 10 сентябрь куни бўлиб ўтган намойишлар чоғидаги тартибсизликларда иштирок этгани учун қўлга олинганлар сони 521 нафарга етди.
Бу ҳақда пойтахт полиция префектураси маълумотларига таяниб, BFMTV телеканали хабар берди.
Улардан 251 нафари Парижда ҳибсга олинган. Улардан қанчаси ҳибсда қолгани аниқланмаган. Аввалроқ мамлакат бўйлаб 473 киши қўлга олингани, улардан 339 нафари ҳибсда қолдирилгани хабар қилинганди. ОАВ маълумотларига кўра, тажовузкор намойишчилар билан тўқнашувда 13 нафар ҳуқуқ-тартибот ходими яраланган.
Мамлакат ички ишлар вазири Брюно Ретайо чоршанба куни кечқурун ўтказилган матбуот анжуманида ҳукумат сиёсатига қарши намойишлар бутун мамлакат бўйлаб деярли 200 000 кишини жалб қилганини айтди. Шунингдек, у ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари мамлакат бўйлаб турли объектлар, жумладан, йўл кесишмалари ва омборларни “тўсиқдан чиқариш” бўйича 50 га яқин операция ўтказишга муваффақ бўлганини айтди. Унинг сўзларига кўра, ҳокимият “мамлакатни тўсмоқчи бўлганларнинг муваффақиятсизлигига эриша олган”.
Ҳозирга қадар полиция Париждаги Республика майдонидан сўнгги намойишчиларни тарқатиб юборди. Кун давомида Франция пойтахтида намойишчилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўртасида бир неча тўқнашув содир бўлиб, иккинчиси кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган. Мамлакатнинг Нант, Ренн, Лион, Монпеле ва бошқа бир қанча шаҳарларида ҳам тартибсизликлар қайд этилган.