Бугун 21 октябрь, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

Францияда норозилик намойишлари сабаб янги комендантлик соатлари жорий этилмоқда

Францияда норозилик намойишлари сабаб янги комендантлик соатлари жорий этилмоқда

Францияда оммавий норозилик намойишлари ва тартибсизликлар давом этаётгани сабабли 20 октябрь кечқурун вазият талаб қилган ҳудудларда янги маҳаллий комендантлик соатлари жорий этилади. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Себастьян Лекорню маълум қилди.

Ҳукумат раҳбарининг таъкидлашича, чекловлар маҳаллий даражада, префектлар томонидан шаҳар ҳокимлари билан маслаҳатлашган ҳолда белгиланади. Лекорню айрим ҳудудларда аввал жорий этилган чекловлар тунги вақтда жамоат тартибини сақлашга ёрдам берганини қайд этди.

Бош вазир аввалроқ вандализм ҳолатлари давом этса, мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилиш эҳтимолини ҳам истисно қилмаган. Бироқ у буни ўта кескин чора деб атаб, комендантлик соатлари вазиятни назоратга олиш учун етарли бўлишига умид билдирган.

19 октябрь кечқурундан Париж, Лион, Ницца, Бордо ва Лилль каби шаҳарларнинг айрим марказий кўчаларида соат 23:00 дан 06:00 гача комендантлик соати жорий этилган. Бордо шаҳрида чекловлар 26 октябргача белгиланган. Айрим ҳудудларда эса қўшимча хавфсизлик чоралари ҳам кўрилган.

17 октябрь куни Франция бўйлаб ўтказилган оммавий намойишларда аҳоли турмуш даражаси, ёқилғи нархлари ва давлат хизматлари билан боғлиқ муаммоларга қарши норозилик билдирган. Айрим шаҳарларда намойишлар тартибсизликларга айланган: дўконлар вайрон қилинган ва талон-торож этилган, Лимож шаҳрида эса XIX асрда қурилган шаҳар ҳокимлиги биноси ёнган.

Манба маълумотларига кўра, намойишларда 800 минг нафаргача одам иштирок этган. Тартибсизликлар фонида ҳукумат жамоат тартибини тиклаш ва хавфсизликни таъминлаш чораларини кучайтирмоқда.

Киритилди: 18:17 20.10.2026. Ўқилди: 322 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!