Бугун 14 сентябрь, 2025 йил, якшанба

O'ZB

Францияда 3 нафар суриялик уруш жиноятлари учун сиртдан қамалди

A A A
Францияда 3 нафар суриялик уруш жиноятлари учун сиртдан қамалди

24 май, жума куни Париж суди Сурия хавфсизлик хизматининг уч нафар юқори мартабали мулозимини уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятларда айбдор деб топиб, сиртдан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. Суд, шунингдек, ушбу шахсларни халқаро ҳибсга олиш қарорини ҳам ўз кучида қолдирди. Бу ҳақда Кун.uz хабар берди.

Судланувчилардан уч нафари Сурияда эканлиги тахмин қилинмоқда. Булар - Сурия президенти Башар Асаднинг маслаҳатчиси Али Мамлук, Сурия Ҳарбий-ҳаво кучлари хавфсизлик хизмати собиқ раҳбари Жамил Ҳасан ва давлат хавфсизлигининг юқори мартабали ходими Абдел Салом Маҳмуддир. Улар Франция ва Сурия фуқаролигига эга бўлган икки кишининг ўлимига алоқадорликда айбланмоқда.

Судланганларнинг жиноятлари

Иш материалларига кўра, 2013 йилда Маззен Даббаг ва унинг ўша пайтда 20 ёшда бўлган ўғли Патрик Сурия ҳарбий-ҳаво кучлари хавфсизлик ходимлари томонидан ушланган ва қийноққа солинган. Улар қийноқ қамоқхоналаридан бирига олиб кетилган, гувоҳларнинг сўзларига кўра, маҳбуслар оёқларига пўлат буюмлар билан уришган, электр токи қўлланган ва жинсий зўравонликка дучор қилинган.

Икки нафар Франция ва Сурия фуқаросининг ҳибсга олиниши сабаблари ноаниқлигича қолмоқда. Ҳуқуқ фаолларига кўра, на ота, на ўғил Сурия раҳбариятига қарши намойишларда қатнашмаган. Даббаг Дамашқдаги француз мактабида ишлаган, ўғли эса ўша шаҳарда ўқиган. Иккаласи ҳам 2018 йилда вафот этган деб эълон қилинган.

Франция адлия идоралари 2018 йилда Мамлук, Ҳасан ва Салом Маҳмудни ҳибсга олиш учун халқаро ордер берган. Худди шу йили Германия адлия идоралари Ҳасанни ҳибсга олишга ордер берди. Федерал прокурорлар уни минглаб маҳбусларга нисбатан қийноқлар ва ғайриинсоний муносабатда иштирок этганликда айбламоқда.

Мисли кўрилмаган ҳукм

Бу Сурия раҳбариятининг бундай юқори мартабали вакилларига нисбатан инсониятга қарши жиноятларда иштирок этганликда айблаб ҳукм чиқарилган илк суд жараёнидир.

Сурияда фуқаролар уруши президент Башар Асад 2011 йилда ҳукуматга қарши намойишларни бостирганидан кейин бошланган. Суриядаги уруш натижасида ярим миллиондан ортиқ одам ҳалок бўлди, миллионлаб одамлар ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлди, мамлакат инфратузилмаси ва саноати жиддий зарар кўрди.

Киритилди: 15:25 25.05.2024. Ўқилди: 1302 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!