АҚШ президенти Дональд Трамп Францияда оммавий намойишлар ва тартибсизликлар фонида мамлакат чегараларини ёпишга чақирди. Бу ҳақда у Truth Social ижтимоий тармоғида ёзди.
«Франция ёнмоқда! Бутунлай бошқа дунёдан келган, қалби нафратга тўла одамларнинг миграцияси бир вақтлар буюк бўлган мамлакатни вайрон қилди. (...) Ҳали кеч бўлмасидан вазиятни назоратга олинг», — деб ёзди Трамп.
Аввалроқ Париж ва Франциянинг бошқа шаҳарларида кенг кўламли намойишлар бўлиб ўтган эди. Уларда бир неча ҳафтадан бери норозилик билдириб келаётган юқори синф ўқувчилари ва талабалар, шунингдек, сўл радикал фаоллар, «Сариқ нимчалар» ҳаракати тарафдорлари, таксичилар, ҳамширалар, қурилиш соҳаси ходимлари ва касаба уюшмалари вакиллари иштирок этган.
Намойишчилар турмуш қийматининг ошиши ва нархлар кўтарилишига қарши норозилик билдирган.
Акциялар давомида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан жиддий тўқнашувлар, тартибсизликлар, дўконларни вайрон қилиш ва вандализм ҳолатлари кузатилган. Радикал кайфиятдаги ёшлар дўконларни бузиб, биноларга ўт қўйган. Полиция намойишчиларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ, шовқинли гранаталар ва сув пуркагичлардан фойдаланган.
Маълумотларга кўра, мамлакат бўйлаб намойишларда 550 минг киши иштирок этган. Қўлга олинганлар сони 2000 нафарга етган. 600 нафардан ортиқ хавфсизлик кучлари ходимлари ва ўт ўчирувчилар жароҳатланган.