УЕФА Миллатлар лигаси А дивизиони 1-гуруҳининг сўнгги турида Франция терма жамоаси ўз майдонида Туркияни 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратди.
Учрашувнинг биринчи бўлимида ҳисоб очилмади. Иккинчи бўлим бошлангач, 49-дақиқада Туркия терма жамоаси ҳимоячиси Эмирхан Топчу тўпни ўз дарвозасига йўллаб қўйди ва Франция ҳисобда олдинга чиқди.
53-дақиқада Арда Гюлер французлар дарвозасини ишғол қилди. Бироқ VAR текширувидан сўнг офсайд қайд этилиб, туркиялик ярим ҳимоячининг голи бекор қилинди.
80-дақиқада Франция ҳужумчиси Эли Жуниор Крупи ҳисобдаги фарқни иккита тўпга етказди. Туркияликлар 90-дақиқада Абдюлкерим Бардакжининг голи эвазига ҳисобни қисқартиришди.
Шу тариқа, баҳс Франциянинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Франция терма жамоаси олтита учрашувда 13 очко жамғариб, А дивизиони 1-гуруҳида биринчи ўринни эгаллади.
Туркия эса гуруҳ босқичини бирорта ҳам очкосиз, сўнгги — тўртинчи поғонада якунлади.