Франция Руминиянинг сўровига биноан Қора денгизнинг ғарбий қисмида кузатув олиб бориш ва муҳим инфратузилма объектларини ҳимоя қилиш мақсадида Atlantique 2 денгиз разведка самолётини юборди.
Бу ҳақда Руминия Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати маълум қилган.
Вазирлик маълумотларига кўра, Франция ҳарбий-денгиз кучларига тегишли самолёт мамлакат жануби-шарқида жойлашган Михаил Когэлничану номидаги 57-ҳаво базасига жойлаштирилган.
Разведка парвозлари 18 октябрдан 6 ноябргача бўлган даврга режалаштирилган. Миссия давомида самолёт Қора денгизнинг ғарбий қисмида кузатув ва разведка ишларини амалга оширади.
«Франция ҳарбий-денгиз кучлари разведка самолёти парвозларининг мақсади — денгиз қатнови учун мавжуд таҳдидларни аниқлаш ва Руминиянинг истисно иқтисодий зонасида муҳим инфратузилма объектлари ҳимоясини кучайтиришдан иборат», — дейилади хабарда.
Руминия Мудофаа вазирлиги аниқлик киритишича, парвозлар «Вице-адмирал Иоан Жоржеску» ҳарбий-денгиз бўлинмаси қўмондонлиги кўмагида, Денгизда қутқарув ишларини мувофиқлаштириш маркази билан ҳамкорликда режалаштирилади ва мувофиқлаштирилади.