Бугун Франция бўйлаб ҳукумат харажатларининг режалаштирилган қисқартирилишига қарши 250 дан ортиқ намойишлар ўтказилиши режалаштирилган.
Бу ҳақда Франция ОАВлари хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, иқтисодиётнинг турли тармоқлари касаба уюшмалари давлат хизматларини молиялаштиришни кўпайтириш, бадавлат фуқаролар учун солиқларни ошириш, кенг жамоатчилик норозилигига сабаб бўлган пенсия ислоҳотини бекор қилишни талаб қилмоқда.
Намойишларда 800 мингга яқин одам қатнашиши кутилмоқда.
Мамлакат транспорт тизимида жиддий узилишлар бўлиши кутилмоқда, автомобил, темир йўл ва ҳаво қатнови тўхтатилган, кўплаб мактаблар вақтинча ёпилган.
Эслатиб ўтамиз, намойишчилар норозилигининг асосий манбаи собиқ бош вазир Франсуа Байру томонидан жорий йилнинг ёзида таклиф этилган бюджетни тежаш чоралари бўлиб қолмоқда (Франция ҳукумати бюджет тақчиллигини 2024 йилдаги ЯИМнинг 5,8 фоизидан 2026 йилда 4,6 фоизга камайтиришни мақсад қилган). Нафақалар тизимини қайта кўриб чиқиш, давлат харажатларини кескин қисқартириш, икки давлат байрамини бекор қилиш шулар жумласидандир. Ўтган ҳафта Себастьян Лекорню бошчилигидаги янги ҳукумат икки давлат байрамини бекор қилмоқчи эмаслигини эълон қилди.