Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 28 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган «Мардлар қўриқлайди Ватанни!» шиори остидаги ноанъанавий ватанпарварлик фестивали “Фориш” тоғ полигонида ёшларни бир жойга жамлади.
Автобуслар карвонидан бирин-кетин тушаётган бу йигит-қизларнинг аксари «Фориш» тоғ дала-ўқув майдонига илк бор келган бўлса, ажаб эмас.
Ташаббускорлари Марказий ҳарбий округ ва Жиззах вилояти ҳокимлиги бўлган ушбу кенг масштабли тадбирга Жиззах гарнизони, вилоят мудофаа ишлари, халқ таълими, маданият ҳамда жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти, Ёзувчилар уюшмаси, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ҳам бош қўшди.
Ватанпарварлик фестивалининг тантанали очилиш маросимида Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев ва Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Айбек Саидов ҳарбий хизмат муқаддас бурч, юксак шараф эканини таъкидлаб, ёшларни Ватан ҳимоясига руҳлантирувчи илиқ фикрлар билдирди.
Вилоят мусиқали драма театри жамоасининг Жалолиддин Мангуберди монологи юзасидан саҳнали кўриниши, Жиззах ва Самарқанд гарнизони ҳарбий оркестрларининг бадиий-мусиқий чиқишларида шонли ўтмишимиз бугунга боғланди, гўё. Юрт посбонларининг қўл жанги усуллари бўйича кўргазмали машғулотлари танк биатлони намойишига уланиб кетди. Шунингдек, жанговар техника ва қурол-аслаҳалар, кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотларининг кўргазмаси ўқувчи ёшларда унутилмас таассурот қолдирди.
Шу куни ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари, ўқувчилар, уюшмаган ёшлардан иборат меҳмонлар халқ ўйинлари бўйича беллашиш имкониятига эга бўлди. Хусусан, миллий кураш, тош кўтариш, арқон тортиш, камондан ўқ отиш, қўл жанги, билак кучини синаш мусобақалари чинакамига айланиб кетди. Кўнгилли ва ишқибоз чавандозлар улоқ кўпкари, от чоптириш ўйинларида соврин учун курашди. Қолаверса, қўчқор, хўроз уриштириш жанги шинавандалари ҳам тадбирдан четда қолмади.
Мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти авто-мотокросс пойгаси павильонида автомобиль техникалари, корд ва пульт билан бошқариладиган самолётлар намойиш этилди. Кинология ва кавалерия қўшинлари чиқишлари фестиваль иштирокчиларининг тасаввурини жонлантирди. Ҳарбийлар ва овчилар ўртасидаги мерганлик мусобақаси айниқса қизғин тус олди.
Ўзбек миллий рақс, мақом санъати усталарининг дилтортар чиқишларини аскиячилар ва моҳир дорбозлар давом эттирди. Турли спорт федерацияларининг спорт мусобақалари, миллий чолғу асбоблари ижроси, «Ватан ҳақидаги энг яхши шеър» танлови фестивалга якун ясади.
Ғолиблар совғали бўлди. Фориш фестивалида иштирокнинг ўзи ҳеч бир совғадан кам бўлмади.