Филиппинда 9 сентябрь куни паромда ёнғин чиқиши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 76 кишига етди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Ёнғин вақтида паромда 134 нафар йўловчи ва экипаж аъзоси бўлган. Омон қолганлар сони 43 нафарни ташкил этмоқда. Уларнинг аксарияти шифохоналарда даволанмоқда, бироқ 13 киши бедарак йўқолган. Қидирув ишларига заҳарли тутун ва юқори ҳарорат халақит берган. Шу сабабли қутқарувчилар паром бортига фақат 11 сентябрь куни чиқишга имкон топган.
Марҳумларнинг яқинларидан шахсий буюмлар ва ДНК таҳлили орқали оила аъзоларини аниқлашда ёрдам бериш сўралмоқда.
“Кимдир мавжуд сурат ёки буюмлар ҳақиқатан ҳам ўз яқинига тегишли эканини тасдиқласа, ундан ДНК намунасини топшириш сўралади”, деди Корондаги туризм бўйича мутахассис Кристине Аблана.
Таъкидланишича, ёнғин паромнинг юклар сақланадиган бўлинмасида бошланган. Тирик қолганлар ёнғин бошланганда кучли портлаш овозини эшитган.
2002 йилда қурилган Жуне Астер пароми амалдаги хавфсизлик сертификатларига эга бўлган. У март ойида назорат текширувидан ўтган. Бироқ терговчилар йўловчилар рўйхати, юкларнинг жойлашуви ва экипажнинг фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш протоколларини ўрганмоқда. Кема оператори ҳисобланган Атиэнза Интерисланд Ферриэс терговга тўлиқ ҳамкорлик қилишини маълум қилди.